Эмас асло Одам Ато зотидан,
Жуфти учун бўлолмаса тиргаклар.
Маъни топмас умридан, ҳаётидан,
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Хар кунини ғавғолардан бошлашар,
Эркак бўлиб аёл билан муштлашар,
Ҳаром ҳамр, гуноҳ билан жуфтлашар
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Суҳбат-сўзи маънсиз, найза, ўқ бўлар,
Кунларида ҳаловати йўқ бўлар,
Охиратда жаҳаннамга чўғ бўлар
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Аёл яшар кўнгли синиқ, тул каби,
Бало ёғар бошларига дўл каби,
Яшар фақат ўз нафсига қул каби
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Оиласининг паст-баландин бўйламас,
Фарзандига бир ширин сўз сўйламас,
Қизларининг иқболини ўйламас
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Хўрлаб бўлмас Момо Ҳаво зотини,
Чала ярим айтиб бўлмас отини,
Оқламабди онасининг сутини
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Умр қисқа, ҳушларини ҳушласин,
Ҳақнинг оят, каломини ушласин,
Ёмон одат, феълларини ташласин
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Аёлини ўхшатиб навниҳолга,
Умрларин безаб дийдор, висолга,
Оила боғин буркасин бахт-иқболга
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Икки ёрти -- бутун, бекам-кўст бўлсин,
Ҳаёт жаннат, деганлари рост бўлсин,
Кейин Ғайрат Муҳаммадга дўст бўлсин
Аёлига бахт бермаган эркаклар.
Ғайрат МУҲАММАД