Кеча тўнғиз савлат тўкиб ўтирган,
Тахтга бугун энди тулкидир эга.
Мен амалдорлардан юзин ўгирган,
Мен у кўппакларга ишонай нега?
Ахир кечагина шулар эмасми?
Масжидга борганнинг бошини еган.
Ахир кечагина шулар эмасми?
"Мен Худойингдан хам қўрқмайман” деган!
Шулар эмасмиди мадрасаларни,
Масжидларга қўшиб бир-бир ёптирган.
Топиб жаллоддайин хунасаларни,
Мўмин эркакларнинг бошин чоптирган.
Айнан ўшаларку эркимиз бўғиб,
Гўзал арконларга тақиқ киритган.
Бир диндорни кўрса эсидан оғиб,
Ўн беш йиллаб ёт деб зиндон киритган.
Мен қандоқ буларга билдирай ишонч,
Олтинин ўмариб қақшатса элин.
Индамаса даюс туйганча қувонч,
Зодагон бой қучса хотинин белин.
Менга мақтаманглар хонни илтимос,
Қара дея йўлу бино қурибди.
Мен "Ўткан кунлар”дан олдим иқтибос,
"Иш бошида хоннинг ўзи турибди”.
Тағин ким эдигу ким бўлдик эмиш,
Минбардан шу сўзни сўзлади бекор.
Асло туюлмасин сизларга эриш,
Ким хам бўлар эдик бўлдик мардикор.
Хукуматга келса Худосиз зотлар,
Чанқаса қон ичиб, очқаса бош ер.
Яна хаммадан хам баландроқ додлаб,
Биз террористларни жазолаймиз дер.
Яна бундай ифлос мансабдорларнинг,
Ёпиб бўлмайдиям бақувват жағин.
Ўзи ўлдиртириб роcтгўй ўғлонни,
Ёрига таъзия билдирар тағин.
Хамдардлик билдирур бардам бўлинг деб,
Ваҳоланки ўзи узиб олган бош.
Тунда бўри билан қўзичоқни еб,
Тонгда чўпон билан тўкадир кўз ёш...