Ҳазиллар зиллана бошлади, Сабрлар қиллана бошлади. "Чирт” этиб узилди бор сабот, Азоблар мўллана бошлади.
Юрагим, бир коса май ичгин. Борлиғим мастликка шай, ичгин. Дардларим энг ичкин, энг ичкин Юрагим тиллана бошлади.
Недир ул? Ё қасам, ё ният? Англадим, ишқ экан моҳият. Сен билан ўтган ҳар сония Хотирда йиллана бошлади.
Хаёлим кетди йўл кўрсатиб, Ҳар фасл – бир васл фурсати. Теграмда ҳар дарахт соат-у, Ҳар япроқ миллана бошлади.
Ҳазиллар зиллана бошлади, Тилларим диллана бошлади, Осмонлар эгилиб кўзимдан Ёмғирлар элана бошлади.
Ишқ деган ёмғирга ер гадо. Шоҳликка ўранган сир – гадо. Кўксимда бир гадо, би-ирр гадо Муҳаббат тилана бошлади…
|