Дунёлардан совиб қолганда якка,
Етмай ёр васлига, бирор тилакка,
Тушунинг дўстларим ошиқлар қалбин,
Барибир қийинда севган юракка.
Зулматга айланар нурафшон куни,
Бу дунёда унга бир дилдош қани,
Не қилсин ҳеч кимса тушунмас уни,
Барибир қийинда севган юракка.
Хаёлидан кетмас ёрнинг жамоли,
Кўксин тешиб ўтар ҳижрон шамоли,
Ҳеч кимга билинмас ичда заволи,
Барибир қийинда севган юракка.
Севгидан бахт эмас, кўзи намланар,
Эл ичра савдойи телба номланар,
Ким севса ошиқлик дардини билар,
Барибир қийинда севган юракка.
Ишқ майи жонига бўлганда ҳамдам,
Энди севмайман деб ичса-да қасам,
Қанчалик овутиб далда берсанг ҳам,
Барибир қийинда севган юракка.
Бу ҳол Аҳаднинг ҳам бошидан ўтган,
Фироқ алангаси кўксимни тилган,
Билмам ширин висол кимларга битган,
Барибир қийинда севган юракка.
Дунёлардан совиб қолганда якка,
Етмай ёр васлига, бирор тилакка,
Тушунинг дўстларим ошиқлар қалбин,
Барибир қийинда севган юракка.