Дединг: "Оғзингни юм, эй бетгачопар,
Ҳижоб – арабларнинг миллий кийими".
Хўп, майли, айт унда, эй "фатвотопар"
Азон – арабларнинг "миллий куйи"-ми?
Наҳот нозил бўлган "Аллоҳнинг Нури"
"Аллоҳ сояси"дан сен-чун қуйидир?
Балки билмайди биз – омилар тури,
Каъба – арабларнинг оддий уйидир?
Сенинг фатволаринг кўнгил илитмас,
Бамисоли қишнинг қахратонидир.
Балки расулимиз, расул ҳам эмас,
Арабларнинг "миллий қаҳрамони"дир?
Қилмоқ даркор эмас, балки савобни,
Балки, зино ҳалол, бизнинг мазҳабда?
Балки, кофир дерсан, Ибн Хаттобни,
Балки, гуноҳ йўқдир, Абу Лаҳабда?
Балки, биз табиат маҳсулидирмиз,
Йўқ Ҳақдан беҳуда қўрқиб юрибмиз?
Ўзи нима қилиб, адашганча биз,
Араблардек намоз ўқиб юрибмиз?
Балки икки ҳайит, Лайлат-ул Қадр,
Фақат арабларнинг "миллий байрам"и?
Балки бизнинг шиор, ютгунча қабр,
Кайфу-сафо айла, ўйна, яйра-ми?
Ахир сен оқилсан, "тўғри йўл" кўрсат,
Ахир бизларнинг онг, майиб-мажруҳдир.
Балки ливотага топурсан рухсат,
Балки, никоҳланмоқ буткул макруҳдир?
Шунча адашмоққа кўнгил зормиди,
Беҳуда айтибмиз, Исми Аъзамни.
Муқаддас дейишга бало бормиди,
Араблар ичгувчи оби Зам-Замни?
Ёмон адашибмиз, мусулмон бўлиб,
Ўшал Маҳмудхўжа Беҳбудийлар-ча.
Оз-моз виждонимиз, қолмасдан ўлиб,
Кел, унда яшайлик яҳудийлар-ча!
Яшайсан мушк эмас, ёлғонлар сепа,
Кўникдик, забонинг ўқлигигаям.
Астағфируллоҳу, буюрса "тепа"
Фатво топгунг, Аллоҳ йўқлигигаям.
Лек ўлсанг нетармиз, ўй шу – куну тун,
Бир кун тугаганда Ҳақнинг атоси.
Кафанлай олмаймиз, ахир сен учун,
Кафан ҳам арабнинг "миллий мато"си...