Қорним оч деб айтолмам хеч чоқ, Чунки хали чиқмаган тилим. Гарчи ўшал собиқ иттифоқ, Қулаган мен туғилган йилим.
Кипригимга илинса уйқу, Мени дардлар чарчатган палла. Маним йўлим тўсадир қўрқув, Ва деёлмам она айт алла...
Изғиринда титраблар ётиб, Шамоллатиб қўйсамда қовуқ. Падаримга асло сўз қотиб, Деёлмайман жуда хам совуқ.
Йиғлашгада кучим йўқ менинг, Бир йиғласам Худо куч йўллаб. Онам деса жим ёт демай ғинг, Иштонимни қўярман хўллаб.
Қорним очса йиғлагим келар, Лек йиғлаш мумкинмас биламан. Шўрлик бошим кўрмади нелар, Отам урса нима қиламан?
Йиғлардиму йиғлаганим-чун, Нетгум агар кўзим ўйишса? Бир тун эмас ўн беш йил бутун, Тор бешикка боғлаб қўйишса.
Маним холим Ўзига аён, Десангиз хам сабр қилиб кут. Мен йиғламай қўйгандан буён, Онажоним бермай қўйган сут.
Хукуматжон отамнинг исми, Онажоним исмидир-давлат. Мендай ориқ гўдакнинг жисми, Шу боисдан тўкмайди савлат.
Оғир бўлар гўдакнинг хуни, Десам охир хаққим юрманг еб. Койишмаса бўлди бир куни, Тилинг чиқиб қолибдими деб?
|