Менинг баҳоримда қишдан муждалар, Сен айни ўн тўққиз ёшга тўляпсан. Тобора, севишга нолойиқ юрак, Тобора, севишга лойиқ бўляпсан.
Қошига қалдирғоч қўндирган баҳор, Сочи тун. Тун аро юзи кун, наҳор. Инсонлик мақомин баландлаб шу чоқ Ҳур, пари дейишга лойиқ бўляпсан.
Интизор кўзларга умид жилвасин, Интизор сўзларга чиройинг васфин, Кўзлатиб... Сўзлатиб... Гулга дўняпсан, Сен айни ўн тўққиз ёшга тўляпсан.
Томирда жўш урган қондир — изтироб, Инкорлар ичидан чиқиб келдим, ёр. Ошиқман... Ошиқман... Ошиқман, деган Иқрорлар ичидан чиқиб келдим, ёр.
Не тонг, баҳоримда қишдан муждалар, Сен эса ўн тўққиз ёшга тўляпсан. Тобора, севишга нолойиқ юрак, Тобора севишга лойиқ бўляпсан...
|