Келмадинг, ҳижроннинг узаяр умри, Сукутнинг таънаси тешар қулоқни. Ҳайдолмай ишончнинг қурийди шўри, Ёнимда шарпадай турган фироқни.
Соғинчнинг қўлидан тутар хотира, Ўтмишга қатнашдан толиқар хаёл. Умиднинг кўзлари тортмоқда хира, Орзулар хазондек топмоқда завол.
Наҳотки сарғайса ишқнинг япроғи, Наҳот муҳаббатнинг бўлса мезони. Дерлар ҳеч ўчмагай севги чироғи, Нега тугаб борар ишқнинг эҳсони.
Юрак армонлардан тўлган хазина, Соғинч – хотиралар яратган кўз ёш. Иғвогар ҳижронни чақирса гина Гумон лашкарлари кўтараркан бош.
Келмадинг, севгимни енголмас фироқ, Сақланган май каби ишқ олар қувват. Афсуслар қисматни қилмасин сўроқ Кел, рахминг кўрсатгин, айла мурувват.
|