Келмоғингиз зарур!
Келмоғингиз шарт,
Секин чўкиб борар Само, сирдошим.
Секин енгаяпти мени қутлуғ дард,
Сўнгги кунларини яшар бардошим!
Энди келмасангиз бўлмайди сира,
Гумон юрагимда соғинчимдан кўп.
Арзанда шу кўнглим тинмай ёзғирар,
Кутиш бекатлари тирбанд бўлди хўп.
Энди жазм қилинг,
Энди йўқ чора,
Эҳееее, мана юз йил қўйдик биз кутиб.
Қарангда, сизни дер битта бечора,
Кетиб қолмасинда дунёдан ўтиб!
Истабми,
Истамай,
Фарқи йўқ, рости,
Асло қизиқ эмас менга бу нарса.
Юракнинг бор битта инжиқроқ дўсти,
Ҳозир бўлмас экан сизни кўрмаса.
Энди бир амалланг,
топинг бир имкон,
Саҳро, чўлларга ҳам келарку Баҳор.
Қанча ошиқларга бермайин имкон,
Дарвозам зулфлари сиздан умидвор!
Ёки кўнайликми қисмат, қадарга,?
Сиз борар бошқа бир манзил тайинми?
Йўқса саройлари кўшкин шаҳарга,
Бир бор келиб кетиш шунча қийинми?