Қўйинг ўзга боғни ширин олмасин, Ортига қайтаринг хаёлингизни. Сизни севиб сиздан кўнгли қолмасин, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
Қирқда оқармасин сочин толаси, Юзларин ювмасин кўзда жоласи. Худога етгайдир қилган ноласи, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
Тақдирдан нолиманг хато бу хато, Хеч кимни бахтидан қилмасин жудо. " У " бўлса у билан қўшарди Худо, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
Тақдирнинг қўшгани икки ёрти бут, Дерлар вафо қилсанг ёрдан вафо кут. Юракнинг оғриғи бўлмагай унут, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
Силанг кўксингизда егилган бошни, Сув келса симиринг, кемиринг тошни. Гунохи оғирдир аччиқ кўз ёшни, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
Қўйинг ўша боғнинг ширин олмасин, Қайтаринг ортига хаёлингизни. Шу гўзал хаётдан кўнгли қолмасин, Кўнглини оғритманг аёлингизни.
|