Рамазон келганда тин олиб бир дам,
Овга чиқмас тунги капалаклар хам.
Сен эса улардан жирканарсану,
Ўзинг жикранчроқсан рўзасиз одам.
КИНОЯ
Қоқ туш бўлган чоғда мусаллас тотган,
Қалби муз янглиғдир, кўнгли тош қотган.
У зўр "рўзадор”дир, шом чоғи эмас,
Унинг учун қуёш пешинда ботган...
МУСЛИМ ИШОНЧИ
Йиқилмадим, қолмадим ғамда,
Қисмат менга туширган зарбдан.
То мен борман кўҳна оламда,
Қўрқманг, қуёш чиқмайди ғарбдан...
КЕКСАЛАР КЎРСАТГАН ИБРАТ...
Оғиз очилаётгандаги ўйлардан...
Мевасини мен емасам хам,
Набиралар ер деб кексалар.
Тушунмасдим илгари Абу-
Дардо каби хурмо эксалар...
ПОРАҲЎРНИНГ РЎЗАСИ...
(Хаёлот маҳсули)
Шайтон деди: Сувдан тота қолсангчи.
Менга виждонингни сота қолсанчи.
Пораҳўр чидолмай пул қилиб таклиф,
Қуёшга дўқ урди:Бота қолсангчи!
РАМАЗОНДА КУТИЛГАН ВИСОЛ
Ифтордан сўнг келсанг кўнглим тўларди,
Қутурган нафс ити шундоқ ўларди.
Келмадинг хеч қурса, келсанг париваш,
Саҳарликдан олдин нима бўларди?
ЎТИНЧ
Тақво хосил айла, ўзингдан қочма.
Тоатинг Хақ учун, заҳрингни сочма.
Оғзингни не бирла ёпганинг билмам,
Лек оғзинг мурданинг гўштин еб очма!
ЎҒЛИМ СЕНГА АЙТАМАН...
Фақир эди...Нон ва сув-ла оғзин очди,
Рўза тутмай ўз-ўзини хорламади.
Ён қўшниси ифтор айлаб борин сочди,
Аммо фақир рўзадорни чорламади...
ЭЪТИРОЗ.
Дерлар: Масжид ифтор қилар жой эмасдир,
Билмасмилар хар пичоқ хам мой эмасдир.
Асҳоби суффадек ночорлар хануз бор,
Хорун-ар Рашиддек хамма бой эмасдир!
АТТАНГ
Мўминларга меҳрин сочмай кетдия,
Қучоғин мискинга очмай кетдия.
Юрди унинг "оғзи бир умр ёпиқ"
Лоақал бир бора очмай кетдия.
"КЎНГЛИМ ТОЗА БЎЛСА БЎЛДИ" ДЕГУВЧИЛАРГА
Носаролар қилмас Қуръонга амал,
Яҳудийлар кутмас намоз вақтин зор.
Айтгинчи виждонинг қолган бўлса сал,
Сенинг ўшалардан нима фарқинг бор?
ЛАЙЛАТ-УЛ ҚАДР
Ул қурганим шеърдек баланд иморатдир,
Хар бир ғишти, рост сўзлардан иборатдир.
Бир кечада саксон уч йил тоат қилдик,
Хақ истаса, дуоимиз ижобатдир.