Кўзим толди йўлингга қарай, Жунжикади сабрнинг эти. Юрагимнинг синиқларидай, Ушалмаган орзум кўп эди...
Димоғимга тиқилар нафас, Кипригимда соғинчнинг гарди. Дунё менга гўё тор қафас, Сен ёнимда йўқлигинг пайти.
Муҳаббатни инжитмак учун, Букри қилди дардлар мингашиб. Оловларга айланди учқун, Девонадек қолдим бош қашиб.
Наҳот чўкди севгим кемаси? Йўқотмокда камалак рангин. Солланади армон нафаси, Кўз ёшимга чайиш-чун чангин!
Манов икки қўлларим гўё, Очиқ қолган етим ковурға! Бир вактлари бўлган тил бурро, Энди қара ғўлдирар зўрға.
Овоз чиқар вужуд мўридан, Чинқирайди қалбим энтикиб. Шалвираган оёқ ўрнидан, Соғинч юрар тимирскиланиб...
|