Саҳарнинг бошидан қор сочар осмон, Совқотган уйлар ҳам қунишиб олган. Қай сабаб узилган телефон сими, Қари тут шохига илиниб қолган.
Ҳеч ким парво қилмас,сезмаслар ёки (Балки, сезгилар ҳам унут саҳардан.) Балки,бу кўп улкан фожиа эмас, Йўқотишлар аро сарсон шаҳарда...
Сим эмиш, узилар қалблар,асаблар Қайларда кўприклар чирт синар ногоҳ. Кимдир соғинганин аймоқчи эди, Кимдир севишини... Фақат шу холос.
Баланд уй олдида турар бир йигит, Қайдандир бир яшин кўзларга кўчган. -Демак кечирмаган...Демак севмайди! Ахир,эрта тонгдан алоқа ўчган!
Қайсидир бир уйда паришонҳол қиз, Тиззаларин қучиб,ўй сурар маъюс. -Сенсиз ҳеч кимлигим билдирмоқчийдим... Гўшакни олмадинг,афсус,минг афсус! ...
Ҳануз қор элаклар телба табиат, Аммо,нечун ёғду беролмас дилга?.. Йигит жим ўгрилиб,ортига қайтди, -Алвидо!...Сўнг кетди узоқ манзилга.
-Эй йўловчи,тўхта! Маҳзун бўлма,қиз! Юрагингни солма ўт-фироқларга. Имкон бергин,наҳот тақдиринг боғлиқ, Аллақандай мубҳам қўнғироқларга...
Шу лаҳза заминнинг қай бурчагида Бўронлар ваҳм солган, кулгулар тинди. Шўришлар кўпчиган инсон бошига, Янги бир ғавғоми бу симлар энди?!..
Кўҳна симёғочнинг чинқириғини, Ҳеч кимса сезмади.Қайрилмади из, Олис йўллар олиб кетди йигитни. Ўзга совчиларга розин айтди қиз...
...Сени боғлар симлар омонми,тангрим Юрагим зардобга ёмон тўладир! Толиқдим...Ва жуда соғиндим ўзинг Айт, қачон қўнғироқ қилсам бўлади?..
|