Ҳар куни шу савол "Ажрашдинг нега?”, Жавоби бўғзимда қолар ҳар сафар. Орзу ҳавас эмас ёлғизлик менга, У яхши бўлганда яшардим агар.
Ўзимдан ўтганин ўзимга аён, Бир ўзим биламан ўтказганларим. Бу расво саволдан қочайин қаён, Ғийбатимни қилманг меҳрибонларим.
Билсангиз ёлғизлар унсиз йиғлайди, Битта ҳамрохи бор у ҳам қатра ёш. Ҳеч кимга билдирмай юрак тиғлайди, Лекин ҳар нимага топади бардош.
Ажрашган аёлга жудаям қийин, Гап-сўзлар, бўхтонлар эзар бағрини. Дийдаси қаттиқроқ бўлар вақт сайин, Охири кимгадур сочар қахрини.
Қадалган кўзларга гох кўзгу бўлар, Гоҳида манзилсиз босиб ўтар йўл. Баъзи бир пайтлари аламга тўлар, Сўнгги дақиқада силтаб кетар қўл.
Нима қилсин айтинг, маслаҳат беринг! Шу қадар ақлли бўлсангиз агар. Қўлингиздан келса мурувват қилинг! Нимадандур умид қиласиз ҳар гал!?
Дунёнинг тенг ярми ажралиб кетган, Сабабини билмай айбдор қилманг. Олдин бир донишманд зап билиб айтган, Одамсиз одамни устидан кулманг.
|