Сенинг мафтунингман берайин хабар, Уни икки сўзла этай мухтасар: Ишқинг тупроқ қилгай, аммо меҳрингдан Бошимни кўтариб бўлгум жилвагар. *** Кекса, ёш - ҳаётга ҳар кимки етар - Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар. Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадй, Келдилар, кетамиз, келишар, кетар. *** Юрагим қонидан юз хона вайрон, Уввос тортувимдан қўрқинч юз чандон, Ҳар бир кипригимда қон дарёси бор, Киприклар юмулса бошланур тўфон. *** Афсуски йигитлик мавсуми битди, Кўклам ўтиб кетди, қиш келиб етди, Ёшлик деб аталган у севинч қуши Билмадим, қачонлар келди-ю кетди. *** Бу кўп эски равот, олам унга ном, - Тун-кун тулпорига бор бунда ором. Бу эски базм юзлаб Жамшиддан қолди, Бу гўрда ётади юз-юзлаб Баҳром. *** Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз, Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз. Кўзимиз тўла ёш юракда олов, Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз. *** Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод - Яхшидир ер юзин қилгандан обод - Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг, Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.
|