Нокасдан сир беркит, дилингно боғла, Аблаҳдан яширин бўлмоқни чоғла, Кишилар жонига ўз қилимишинг кўр, Сен ҳам шунга кўз тут, шуни сўроқла. *** Бу кун келар экан, қўлингдан, зинҳор, азизлар хотирин шод эт, эй дилдор. Ҳуснинг салтанати турмас абадий, Тўсатдан қўлингдан кетиши ҳам бор. *** Мол-дунё ҳасрати қилмасин афгор, Мангу яшар киши қани, қайда бор? Бир неча нафасинг танда омонат, Омонатга омонат бўлмоқлик даркор. *** Аҳил бўлса олов ичра ҳам инсон, Аҳил кишиларга олов ҳам осон. Ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч, Ноаҳил суҳбати ёмондан ёмон. *** Ўзни доно билган уч-тўртта нодон Eшак табиатин қилур намоён. Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл, Бўлмаса "кофир" деб қилишар эълон. *** Бир сўнгакка сордек қаноат қилғон, Афзалдир нокасга бўлгандан меҳмон. Нокаснинг шиннилик нонидан яхши Ўзинг топиб еган бурда арпа нон. *** Мисоли бир олтин кўза бу днё Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо, Шунча умрим бор деб керилма асло. Эгарлоқдир ажал оти доимо. *** Мени ҳалок этмиш ғаму ҳижронинг, Этагингни тутдим кетган замонинг. Кетдинг-у ғамингдан минг кўнгил ўлди, Қайтдинг, яна минг жон бўлди қурбонинг.
|