Токай пастлар хизматин этасан бажо, Ҳар емишга пашшадек қилма жон фидо, Бир нонни икки кун е, тортма миннат, Ўзга нондан ўз дил қонинг кўп авло. *** Ғайратинг сарф этсанг киймоқ, ичмоққа, Арзийди бу ишни маъзур тутмоққа. Ҳушёр бўл, қолганин бари арзимас Умрингни сарф этиб, ўтиб кетмоққа. *** Бир қўлда Қуръону биттасида жом, Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром, Феруза гумбазли осмон остида На чин мусулмонмиз, на кофир тамом. *** Бирор киши чиқиб ҳар замон, мана Мен, дейди, Молу сийму зари бор чунон, мана Мен, дейди. Иши ривож топиб турганда, бир куни ажал, Пистирмадан чиқиб ногаҳон, мана, мен дейди. *** Келолмагач қайтиб ушбу оламга, Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга. Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик, Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга. *** Жонимиз бу танни тарк этиб кетар, Икки ғишт гўримиз кўзин беркитар, Кейин бошқа гўрга ғишт қўймоқ учун, Бизнинг тупроқларни эзиб лой этар. *** Келолмагач қайтиб ушбу оламга, Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга. Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик, Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.
|