1 Ҳар зарраки, тупроқ қатида — боқса тузук, Шоҳ тожи эрур балки ўшал ёки узук. Гардини сулувлар юзининг аста сидир, Бўлган эди бир вақт у ғубор кўзи сузук... 2 Менман ўша осий — ризойинг қани? Кўнглим уйи зулмат — зиёйинг қани? Жаннатни берар бўлсанг агар тоат учун, Бул ҳаққим эрур — лутфу атойинг қани?! 3 Оҳ, кошки қазо лавҳига қўл етса эди, Ўз хоҳишини унга дилим битса эди, Ғам оти бутун ер юзидан йитса эди, Шодликни жаҳон бошига тож этса эди.. 4 Дунё сири гарчи менга беш қўлдек аён, Сиртимга чиқарсам уни ўзимга зиён. Теграмда мени тушунгудай инсон йўқ, Ҳар сўзни қилиб бўлмас бу элга баён. 5 Ул зотки, замину чарху афлок* тузди, Доғ солди кўнгилга — уни ғамнок тузди. Бисёр ақиқ лабу ҳилол юзларни Ер ичра яширди — бир сиқим хок тузди...* ____________ * Афлок — фалаклар, осмонлар, осмон қаватлари. * Бу рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади. 6 Масжидга магар ниёз учун келганман, Қилмангки хаёл: намоз учун келганман. Сажжода* ўғирлаган эдим — эскибди, Бас, покиза жойнамоз учун келганман. ___________ * Сажжода — жойнамоз.
|