Эҳтирос аталмиш гулҳанда ёнгач,
Виждони уйғонгач, айбидан тонгач.
Тунги капалакка насиҳат қилмиш,
Зинокор зот нафси тамоман қонгач.
"Санинг бу қилмишинг инсофдан эмас,
Нечун эгри кўнглинг, тўғри йўл демас?
Дунё ғамини еб чарчамадингми,
Нечун сен охират ғамин хеч емас?
Шунда жавоб қилмиш тунги капалак,
Демак сен оппоқсан, мен қароюрак?
Ахир ўзингмасми зинодан аввал,
Шом бўлмай мен билан еган зот емак?
Маним ишим фаҳшдир, буни биляпсан,
Менга жирканчсан деб, гуноҳ иляпсан.
Мен эгри, сен эса тўғри экансан,
Ўзинг қучоғимда нима қиляпсан?
Тилинг зикрдаю, қўл тасбеҳдамас,
Гап танбеҳчидадир, гап танбеҳдамас!
Маним ишим харом, эй "халол одам",
Нечун ўзинг хозир таровеҳдамас?