Вилоятдаги Ёшлар иттифоқи ва "Камалак” сардорларининг 100 нафари қишки таътилни Сурхондарё вилоятида жойлашган "Халқаро ёшлар оромгоҳи”да ўтказадиган бўлишди.
Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев вилоятда тизимнинг ходим, етакчи ва сардорлари билан бўлиб ўтган учрашувда таъкидлади.
- Тенгдош-тенгдошга тамойили асосида фаолият олиб бораётган сардорларимизнинг жонбозликлари таҳсинга лойиқ, - деди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев. – Ватанга садоқат, тенгдошларига кўмак ва фидойилик эътибордан четда қолмайди. Вилоятдаги сардорларнинг 100 нафари қишки таътилни Сурхондарё вилоятида жойлашган "Халқаро ёшлар оромгоҳи”да ўтказишади.
Ҳақиқатдан ҳам Ёшлар иттифоқи ва "Камалак” сардорларининг фидокорона меҳнатлари сабаб бугун ўқувчиларнинг дарс қолдириши, шунингдек, компьютер ўйин залларида беҳудага вақтларини ўтказиш холатлари кескин камайди.
- Бу имтиёз бизни янада руҳлантирди, - дейди вилоятнинг Ёшлар иттифоқи сардори Зарина Тўхтаева. – Оромгоҳда фаолиятимизга доир мастер-класслар, спорт мусобақалари, турли хил викториналар, шунингдек, 2019 йил учун ёшларбоп лойиҳаларни ишлаб чиқишга доир дебатларни ташкил этилиши малакамизни янада оширилишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, ушбу оромгоҳ Юртбошимизнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, самарали ўтказиш, маънавий оламини бойитиш ҳамда дунёқарашини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган Қарори асосида бунёд этилган эди.