Буржингизни айтинг, биз қоматингизни чиройли сақлаш учун қандай парҳез зарурлигини айтамиз. Зеро, ҳар бир бурж вакили Олам бутунлигининг тўрт унсуридан бири (Олов, Тупроқ, Ҳаво ва Сув) таъсирида бўлади. Бу эса инсоннинг овқатланишга доир одатлари, севимли маҳсулотлари, танасидаги модда алмашинув жараёнларини бошқариб борувчи унсурлардир, деб қаралади астропарҳезшуносликда. Демак, бошладик!
ҲАМАЛ
Табиатан жўшқин ва бесабр бўлган ушбу бурж вакиллари кучли ирода ва фаолликлари билан 90х60х90 ўлчамли қоматга эришишлари мумкин. Албатта, бу бирданига рўй бермайди. Ўзига жалб этувчи турли маҳсулотлардан тийила олсангиз бас. Чунки уларни бир мартагина истеъмол қилиш ҳам сизга ортиқча сантиметрларни тақдим этиши мумкин.
Истеъмол қилинг: турли зираворлар билан бойитилган маҳсулотларни (масалан, пиёз, саримсоқ, зира каби) ва ёнғоқларни.
Ўзингизни тийинг: фаст-фуд, спиртли ичимликлар, тузи кўп ва ўта юмшоқ таомлардан.
Астромаслаҳат: йўл-йўлакай овқатланиш одатингиздан воз кечинг. Шунда бирваракайига бир неча муаммони ҳал этасиз.
САВР
Сиз ейиш учун яшайсиз. Бу аҳволда қоматни сақлаш жуда мушкул. Аммо ўз устида ишлайдиганлар қоматларини ҳавас қиларли даражада сақлай олишади. Сизнинг парҳез режаларингиз аниқ ва тартибли. Асосийси, ширинликларга бўлган эҳтиросингизни жиловлаш.
Истеъмол қилинг: мева-сабзавотлар, кепакли нон, аччиқ қалампир.
Ўзингизни тийинг: шакар, крахмалли сабзавотлар ва оширма хамирли маҳсулотлардан.
Астромаслаҳат: бўлиб-бўлиб овқатланишга ҳаракат қилинг. Шунда кам овқат еган ҳолда ҳар сафар таомдан янги-янги лаззат олишга муваффақ бўласиз.
ЖАВЗО
Сизга кўпчилик хавас қилса арзийди. Чунки табиатан хушбичим қоматга мойиллигингиз бор. Бордию бирон сабаб (масалан, стресс) натижасида семириб кетадиган бўлсангиз ҳам, тезда аслингизга қайта оласиз. Аммо бу имтиёзнинг тузоғига илиниб қолманг. Агар ҳаракатларингиз тез натижа бермаса, иштиёқингиз сўниши ҳам бор гап. Шу сабабли ортиқча вазндан халос бўлишни хоҳласангиз, бу истагингизни Бузоқ буржидаги дугонангиз билан бирга амалга оширинг. Шундагина идеал ўлчамларга тезроқ эришасиз.
Истеъмол қилинг: балиқ, пишлоқ, сабзи, цитрус мевалар, бодом. Улар асаб тизимини мустаҳкамлайди.
Ўзингизни тийинг: иштаҳа уйғотувчи ҳар қандай ичимликлардан.
Астромаслаҳат: янги нарсалар сизни ўзига жалб этади. Парҳезларнинг ҳам янги-янги турларини кашф этиб, уларнинг нақадар самарали эканини амалда исботланг.
САРАТОН
Ушбу бурж вакили йиллар давомида озишни орзу қилган ҳолда, бир марта бўлса-да овқатланиш тарзига ўзгартириш киритишни истамайди. Ошқозони нозик бўлишига қарамай, ўзи ажойиб пазанда. Шу сабабли ҳам парҳез худди янги пазандалик саргузашти каби уни ўзига жалб этиши, оқибатда кутилган натижага олиб келиши мумкин. Илк самарани кўргач эса ўзи ҳам қизиқиб қолади. Бутун оиласини ўз овқатланиш одатларига кўниктириб олганларга қийин. Чунки парҳезни ҳамма баравар қилишига тўғри келиши мумкин. Ўз турмуш тарзингизга муносиб парҳезни танланг ва олға!
Истеъмол қилинг: фторли кальцийга бой маҳсулотлар. Булар сут ва сут маҳсулотлари, йогурт, пишлоқ, тухум сариғи, гулкарам, помидор.
Ўзингизни тийинг: крахмалли, шунингдек, ўта ширин ва жуда аччиқ таомлардан.
Астромаслаҳат: стресс ҳолатида кўп овқат ейиш одатингиздан воз кеча олмасангиз, фақат паст калорияли ва экологик тоза маҳсулотлардан истеъмол қилинг.
АСАД
Меҳмондорчиликлар, тўй-ҳашам ва шоҳона ҳаёт… Бу бурж вакиллари ҳаётни байрамга айлантиришни билишади. Сиз янги парҳезга тезда «ошиқ бўлиб», амал қила бошлашингиз мумкин, аммо илк қийинчиликка дуч келгандаёқ шаштингиздан тушасиз. Шу сабабли қақшатқич парҳезларга риоя қилманг ва озиш истагингизни узоқроқ муддат сақлаб қолишга интилинг.
Истеъмол қилинг: қўзиқорин, мол ва курка гўшти, Е витаминига бой, қон айланишини яхшиловчи маҳсулотлар (масалан, лосось балиғи, кунгабоқар пистаси).
Ўзингизни тийинг: холестерин миқдорини оширувчи маҳсулотлар (қаймоқли музқаймоқ, ҳайвон ёғлари, тухум сариғи).
Астромаслаҳат: сиз учун гуруҳларда ишлаш ёқимли. Шу сабаб озиш гуруҳларига ёзилинг ёки дугонангиз билан биргаликда парҳез тутинг.
СУНБУЛА
Табиатан оғир-босиқ ва теран фикрли бўлганингиз учун идеал қомат соҳибига айланиш имкониятингиз катта. Сиз ижодкор ва изланувчан одамсиз. Шундай экан, таомномангизни ранг-баранг қила оласиз. Сизга ҳайвон ёғларини камроқ, суюқликни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этамиз.
Истеъмол қилинг: ёғсиз сут ва денгиз маҳсулотлари, мевалар, айниқса, олма, цитрус, қуруқ мевалар.
Ўзингизни тийинг: ёғли гўшт, ярим тайёр ва қайта ишланган маҳсулотлар, соус ҳамда конфетлардан.
Астромаслаҳат: агар қийинчилик билан эришган натижаларингиздан тез фурсатда айрилиб қолишни истамасангиз, «тезкор» парҳезларга ружу қўйманг. Ҳаммасига аста-секин, босқичма-босқич эришган маъқул.
МЕЗОН
Улар муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлишига ишонадиган ягона бурж вакиллари. Ширинликка ўч бўлишади, спорт билан мунтазам шуғулланишмайди. Шунга қарамай, ташқи кўриниш улар учун катта аҳамиятга эга. Орзудаги қоматга эришиш учун қатъий интизомга риоя этишлари керак. Яхши томони шундаки, бу бурж вакиллари янги овқатланиш тизимига осон кўника олишади.
Истеъмол қилинг: сабзи, исмалоқ, олма, қулупнай, буғдой, сули ёрмаси, дуккакли маҳсулотлар.
Ўзингизни тийинг: нордон маҳсулотлар ва ичимликлардан.
Астромаслаҳат: озишни мусобақа ёки гаров тарзида ташкил этинг. Чунки сизга рақобатчилик туйғуси яхши рағбат беради. Масалан, яқин дугонангиз билан ким тезроқ озиш мусобақасини ташкил этишингиз мумкин.
АҚРАБ
Парҳезга амал қилишда қийналмайсиз. Иштиёқ, масъулият ва тартиб — булар муваффақият калитидир. Танангиз парҳез ва жисмоний ҳаракатларга мойил. Заиф иммунитетингиз туфайли қақшатқич парҳезларга асло амал қила кўрманг.
Истеъмол қилинг: калийга бой маҳсулотлар (қулупнай, қовун, банан, бодом, картошка, балиқ) ва пешоб ҳайдовчи маҳсулотлар (редиска, бодринг, петрушка).
Ўзингизни тийинг: ҳазми оғир овқатлар ва организмда сувни ушлаб қолувчи ҳамда дудланган маҳсулотлардан.
Астромаслаҳат: буйракларингиз яхши ишлаши учун кунига камида 8 стакан сув ичинг.
ҚАВС
Агар ҳамма ишни бирданига бошлашни истамаганингизда, озишингиз осонроқ кечарди. Аммо сиз парҳез тутиш, янги иш бошлаш ва уйингизни таъмирдан чиқаришга бирданига киришмоқчи бўласиз – муаммо шунда. Парҳезни осон иш деб қабул қиласиз. Сизнинг муаммоли жойларингиз: бўкса ва бел. Шу сабабли фаол жисмоний ҳаракатларсиз натижага эриша олмайсиз. Фақат буржингизга хос бўлган бошлаган ишни охирига етказиш одатингиз сизни қутқаради.
Истеъмол қилинг: булғор қалампири, С витаминига бой бошқа маҳсулотлар (цитруслар, киви, тузланган карам), анжир, олхўри, помидор.
Ўзингизни тийинг: оқсилга бой маҳсулотлар ва «қуруқ калориялардан. Уларга спиртли ичимликлар, шакар, пишириқлар киради.
Астромаслаҳат: буржингизнинг оташин қуввати танангиздаги ёғларни яхшироқ эритишида саримсоқ пиёз сизга ёрдам беради. Ширинликни хуш кўрувчилар, меваларга кўпроқ эътибор беринг.
ЖАДИЙ
Мақсадга етмагунча қўймайсиз. Фақат қарор қабул қилсангиз бас, оза бошлайсиз. Қийинчиликлардан қўрқмайсиз. Аксинча, парҳез қоидалари қанчалик қатъий бўлса, сиздаги иштиёқ ва интилиш ҳам шунча юқори бўлади. Бошқа бурж вакилларига нисбатан маҳрумликларга осон кўникасиз, меҳнатдан қочмайсиз, калорияларни яхши ҳисоблайсиз, хуллас, озиш учун имкониятларингиз катта. Буржингизга хос бу имтиёзлардан унумли фойдаланинг.
Истеъмол қилинг: ёғсиз гўшт, нон, картошка, макарон маҳсулотлари, шафтоли, бодом, шунингдек, таркибида қўрғошин моддаси бўлган маҳсулотлар (масалан, карам, сельдерей, лимон, балиқ, тухум сариғи, буғдой ёрмаси).
Ўзингизни тийинг: муздек маҳсулотлардан. Мазкур бурж вакиллари учун хона ҳароратидаги маҳсулотлар энг маъқулидир.
Астромаслаҳат: ушбу бурж вакилларининг суяклари табиатан мўрт бўлгани учун парҳез пайтида кальций моддаси қабул қилишни тавсия этамиз.
ДАЛВ
Идеал қоматга эришиш учун бу бурж вакиллари ҳеч оғишмай олға боришади. Қийинчиликлардан қўрқишмайди. Ушбу буржнинг ҳар қандай вакили ўзига-ўзи диетолог бўла олади. Парҳезни жисмоний ҳаракатлар билан уйғунлаштиришда, соғлом овқатланишда ва калорияларни ҳисоблашда ҳеч ким далвларга тенг кела олмайди.
Истеъмол қилинг: асосан гўштсиз овқатларни. Улар сиз учун жуда фойдали ва таомномангизнинг 85 фоизигача уларга ўрин беришингиз мумкин (ёнғоқлар, сабзавотлар, кепакли нон, дон маҳсулотлари, девзира гуручи).
Ўзингизни тийинг: қайта ишланган маҳсулотлар, фаст-фуд, ортиқча гўштдан.
Астромаслаҳат: олдингизга қўйган мақсадингизни қисмларга бўлинг. Масалан, бир ойда 2 килограммга эмас, ҳафтасига 500 граммга озиш тарзида. Ҳар бир ютуқ учун ўзингизни мақтаб қўйишни унутманг.
ҲУТ
Сиз парҳез бошлаганини торт билан байрам қиладиганлар тоифасидансиз. Қоматингизни танқид қилишса, аламингиздан янада кўпроқ егингиз келади. Шу сабабли озишни орзу қилаётган ҳутларга яқинларининг мадади жуда зарур. Сизга паст калорияли эмас, таркибида озиқлантирувчи моддалар меъёрлаштирилган парҳезни таклиф этамиз.
Истеъмол қилинг: темирга бой маҳсулотлар (жигар, мол ва қўй гўшти, тухум сариғи, исмалоқ, олма, хурмо, майиз).
Ўзингизни тийинг: бирданига оздирадиган парҳезлар ва таблеткалардан. Уларнинг фойдаси йўқ, сиз учун ҳатто ўта хавфли.
Астромаслаҳат: камёб мева ва сабзавотлар аралашмасидан тайёрланган салатларни татиб кўринг. Сизга хуш ёқади, озишга эса ёрдам беради.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darakchi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|