«Айтишларича, наркоздан кейин хотира заифлашиб қоларкан. Баъзиларда соч тўкилиши ёки диққатни жамлай олмаслик кабилар ҳам кузатилади, дейишади. Шу ростми?»
Наргиза Омонуллаева, Навоий вилояти
Сунъий чақириладиган беҳушлик кўпчилик наздида ҳам ваҳимали туюлади. «Наркоздан сўнг уйғонмай қолсам-чи» дегувчилар ҳам йўқ эмас. Хўш, аслида ҳам наркознинг афзаллиги нимада? Бемор учун қандай фойдаси бор? Зарари-чи? Бу ҳақида тиббиёт фанлари номзоди Шавкат Собиров маълумот беради.
НАРКОЗ ДАВОЛАМАЙДИ!
Бу айни ҳақиқат! Зеро баъзилар наркоз ҳам асосий муолажага киритилган даво чораси деб ўйлайди. Тўғри, наркоз учун тегишли препаратлар бор. Аммо улар юрак касалликлари, бош оғриқлари ёки суяк хасталикларини даволамайди. Шунчаки жарроҳлик вақти бемор организмини ҳимоя қилади, холос.
ҚАЙ БИРИ АФЗАЛ?
Умумий наркоз ва маҳаллий оғриқсизлантириш усуллари ҳақида эшитгансиз. Хўш, иккисининг фарқи нимада? Мутахассислар, ҳозирда мазкур усуллар баравар қўлланилиши мумкинлигини таъкидлашса-да, умумий наркоз беморга ҳам шифокорга ҳам бирдек қулай эканлигини айтишади. Умумий наркозда оғриқ, ноқулайлик ва безовталик кабилар сезилмайди. Қолаверса, беморнинг ҳушсизлиги шификор хатти-ҳаракатлари учун ҳам қулай. Маҳаллий анестезия эса оғриқсизлантириш таъсирига эга бўлса-да, бемор ҳушида бўлиб, жараённи сезиб туради. Муолажа вақти қайси усул қўлланилиши албатта анестезиолог томонидан ҳал қилинади.
ОЧ ҚОРИНГА ҚИЛИНАДИМИ?
Биласиз, жарроҳлик режали, шунингдек шошилинч тарзда бажарилиши ҳам мумкин. Албатта, режали жарроҳликка йўлланма бўлганида бемор амалиётга тайёрланади. Қон таҳлили, пешоб суюқлиги, қон босими, юрак қон-томир фаолияти текширилади. Режали жарроҳликда беморга бир кун аввал тозаловчи ҳуқна (клизма) қилинади, енгил таом истеъмол қилиш буюрилади. Эртасига эса амалиёт оч қоринга ўтказилади. Нега энди тўқ қоринга эмас, дерсиз?! Жарроҳлик вақти турли ҳолатлар юз бериши мумкин. Бундан ташқари бир кун аввал тозаланган организм амалиёт вақти кутилмаган вазиятлар юзага келмаслигидан ҳимоялайди. Агар шошилинч жарроҳлик бўлса, бемор ёши, хасталиги, жарроҳлик вақти ва умумий аҳволидан келиб чиқиб, анестезиолог ва шифокорлар томонидан зарур чоралар кўрилади.
ТУРЛАРИ. ҚАЙСИ МАЪҚУЛ?
Тиббиётда наркознинг турлари кўп. Асосийлари эса аппарат маскали (ингаляция) наркоз, венага юбориладиган тотал анастезия ҳамда эндотрахеал наркоз. Аппарат маскали наркоз асосан болаларда қўлланилиб, узоқ вақт талаб этилмайдиган муолажаларда фойдаланилади. Нафас олиш йўлига йўналтирилган наркозда кислород билан бирга анастетиклар ҳам юборилади. Катталарда эса венага юбориладиган тотал наркоз тури қўлланилади. Шунингдек, ингаляция усулини ҳам қўллаш мумкин, бироқ бу усулда катталар организмини ҳушсизлантириш қийин.
...
Davomi » | Читать дальше »