Сўнгги 3 йил давомида меҳнат таътили олмай ишладим. Ўз хоҳишимга кўра меҳнат шартномасини бекор қилдим. Коллеж бош ҳисобчиси ўқув йиллари таътиллари учун йиллик сметада пул ажратилмаган деб, ҳанузгача компенсация тўламаяпти. Шу тўғрими?
Самандар Тоғаев, Самарқанд вилояти, Нуробод тумани
Б.НИЗОМОВ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддасига асосан, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 110-моддасига асосан, меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, - огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга хақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, - ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.
Юқоридагиларга асосан, иш берувчи Сиз ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан тегишли иш ҳақи тўлаб берилиши шарт.
Ўз вақтида иш ҳақи тўлаб берилмаган тақдирда фуқаро фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсацияни тўлаб бериш бўйича судга ёки Давлат ҳуқуқ меҳнат инспекциясига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.