Шунингдек, эндиликда сериалларнинг сони эмас, сифатига эътибор берилишини таъкидлади
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов миллий сериаллар ҳақида гапириб, «Сабрия» сериали бўйича фикр билдирди.
Фирдавс Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, эндиликда сериалларнинг сони эмас, сифатига эътибор берилади. Шунингдек, бадиий мазмуни юқори, ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга жавоб берадиган сериалларни тайёрлаш бўйича махсус дастур лойиҳасини ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилади.
«Бугунги кунда барча телеканалларда миллий сериалларнинг сони кўпайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тан олиш лозимки, айни пайтда нодавлат телеканаллари эфирига узатилаётган миллий сериалларнинг бадиий ва ғоявий мазмуни талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланмоқда. Бир қатор сериаллар сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда томошабинлар томонидан танқидий муҳокама этилгани фикримизнинг яққол далилидир.
Сериал жанр сифатида энди-энди оммалашиб бормоқда. Телеижодкорларимизда бу борада зарур тажриба ва кўникмалар ҳали тугал шаклланмаган десак, муболаға бўлмайди. Бунинг учун эса вақт, маблағ ва малакали кадрлар зарур. Шу боис соҳага Ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича салмоқли қадамлар қўйилди. Ўтган 2021 йилда Кинематография агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида телеканаллар билан ҳамкорликда шифокорларнинг заҳматли фаолиятига бағишланган ‘Нажоткорлар’ (Зўр ТВ) ҳамда ‘Орзулар палатаси’ (Севимли ТВ), маҳалла ҳаёти ва тадбиркорлик мавзусидаги ‘Қодирхон’ (Менинг юртим), шунингдек, ‘Маҳалла’, ‘Тузоқ’, ‘Дард’ ва ‘Алвидо болалик’ сингари бошқа бир қатор сериаллар суратга олинди ва олинмоқда. Шу билан бир қаторда давлат буюртмаси асосида суратга олинган Беҳбудий, Саид ва Саида, Авлоний, Қўқон шамоли, Сумбул сингари ўнга яқин бадиий фильмларнинг сериал версиясини ҳам яратиб, барча телеканалларга бепул тақдим этилди. Лекин шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, агентлик томонидан амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини сезмоқдамиз.
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ‘Севимли’ телеканалида намойиш этилаётган ‘Сабрия’ сериали ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз. Бу режиссёрнинг дастлабки ишларидан бири эканига қарамасдан телеканал Бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермагани маълум бўлди. Жамоатчилик ва телетомошабинларнинг бу сериалга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларини телеканали таъсисчилари ва ижодий жамоаси албатта инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор.
Нодавлат телеканаллари эфирида узатилаётган ва томошабинлар томонидан танқид қилинаётган сериалларнинг асосий қисми хусусий продакшн студиялари томонидан ишлаб чиқилган. Келгусида мазкур студиялар билан ҳамкорликда ишлашимиз, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, аммо, суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консультатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарурати яққол кўзга ташланди. Ушбу тавсиявий ҳарактерга эга Кенгашга кино санъати соҳасидаги малакали, етук ва профессионал мутахассислар жалб этилишини таклиф қиламан.
Ҳозирда кузатилаётган камчиликларни олдини олиш учун, биз бу жараёнда барча телеканаллар ва хусусий продакшн студиялар билан миллий сериаллар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш, эндиликда сон эмас сериаллар сифатига алоҳида эътибор қаратамиз. Энг муҳими, халқимизнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган, бадиий мазмуни юқори, ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларимизга жавоб берадиган сериалларни тайёрлаш бўйича махсус дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳукуматимизга киритиш асосий вазифамиз ҳисобланади», — дейди Фирдавс Абдухолиқов.
Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева «Sevimli» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Сабрия» сериали ҳақида ўз фикрини билдирган эди.
У томошабин сифатида сериал ҳақида фикрини билдиришга ҳақли эканини таъкидлади. Саида Мирзиёева сериалда бадиий савия умуман йўқ эканини айтди. Шунингдек, унда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича тўлиқ йўриқнома кўрсатилган. Сериал давомида ҳамкасб аёллар ўртасидаги зиддиятлар, хотин-қизларга бўлган зўравонлик, ҳамда ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ саҳналар ҳам намойиш этилган.
«Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд. Лекин бир томошабин сифатида «Sevimli» каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган Сабрия’ миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман. Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман. Сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғоясику, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона тўғри’ йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар доно’ маслаҳат! Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган», — дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, у гендер тенглиги, аёлга эҳтиром каби масалаларни аҳоли онгига сингдиришга ҳаракат қилаётганини, бундай сериаллар эса шу масалаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилишини таъкидлади. Саида Мирзиёева бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирди.
«Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан биридир. Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир Сўз учун масъулдир. Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос. Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз ижод намуналари’ яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин ахир? Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек таалуқли!», — дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, мазкур сериал эфирга узатилаётган «Севимли» телеканали раҳбари Амира Рашидова ҳам сериал атрофидаги танқидларга жавоб қайтариб, фильм ғояси реал ҳаётдан олинганини таъкидлаган. У сериалда ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаганини, воқеалар реал инсонлар ҳаётидан олинганини айтган.
«Sevimli» телеканалида эфирга узатилаётган Сабрия сериалининг 14 январдаги 32-қисми атрофида бўлаётган гапларга муносабатим. Нима бўлган? Сериалнинг бир эпизоди тарқалган. Унда гиёҳванд йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган. Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса гиёҳванд зўравон ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр. «Сабрия» сериалидаги воқеалар хам реал инсонлар ҳаётидан олинган. Аёлларнинг эркинлиги ва уларга нисбатан зўравонликка қарши кураш масаласини ҳар қадамда ёзаман, гапираман. Мен аёлларга нисбатан ҳар қанақа зўравонликка қаршиман, телеканал контентида шу иллат асоратлари ҳақидаги Зирапча, Сен ва мен, Бир кафт тупроқ, Қафасда… каби аёллар мавзусига қаратилган катта лойиҳаларга қўл урганмиз. Бу лойиҳаларда ҳам жамиятдаги камчиликларни кўрсатиб, қаҳрамонлар хаётини изга солишга ҳисса қўшганмиз. Sevimli телеканали Сабрия сериал намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса ахлоқсиз деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли. Ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб кино ижодкорлар қатори, Sevimli уни ҳам қўллаб- қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан хамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман… Бир нарсани таъкидламокчиман, бир йил олдин телеканаллар асосий контентини турк сериаллари эгаллаган эди, бугунга келиб, ҳар бир телеканалда 2-3тадан миллий сериаллар намойиш этилмокда, лекин шу билан бирга узатилаётган сериаллардан омманинг кўнгли тўлмаяпти, бунга кўп сабаб бор, ижодий ва техник муаммолар етарли… Биз ўтиш давридамиз. Миллий сериалларимиз яхшироқ бўлишига ишонаман, ҳар ҳолда уринишлар йўқ эмас, гарчи бу осон бўлмаса-да, шунчаки ҳаммасига вақт керак. Нима бўлганда ҳам ҳар бирингиздан миннатдорман, бефарқ бўлмаганингиз учун, яхши ёки ёмон муҳим эмас, балки шунчаки фикр билдириб турганингиз учун ҳам раҳмат», — дейди Амира Рашидова.