Агар яқин нури порлаб қолса, охиратни унга боришдан кўра яқинроқ кўрасан.
Ибн Атоуллоҳ ҳикматларидан
Чунки келиши аниқ нарса, ҳозир мавжуд кабидир. Аҳмад ибн Осим Антокий айтадилар: «Яқин – Аллоҳ банданинг қалбида пайдо қиладиган нурдир. Банда у билан охират ишларини кўради. Ўзи билан унинг ўртасидаги пардани йиртади. Шунда кўргандек охиратдан огоҳ бўлади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорисага: «Қандай тонг оттирдинг, эй Ҳориса?», дедилар. У киши: «Ҳаққа мўмин ҳолда тонг оттирдим», дея жавоб қилганда, «Ҳар ҳақнинг ҳақиқати бўлади. Иймонингнинг ҳақиқати нима?», деб яна сўрадилар Расулуллоҳ.
У айтди: «Гўёки менга Раббимнинг Арши ўрнатилди. Жаннат аҳли жаннатда неъматланаётган, дўзах аҳли оловда увиллаётган эди».
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳақни билибсан, уни маҳкам тут, Аллоҳ қалбини нурлантирган банда.», дедилар.
Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳис салом айтадилар: «Агар нур қалбга кирса, у кенгаяди, очилади.» Шунда, Ё Расулуллоҳ, уни танитадиган аломат борми, деб сўрашди.
Дедилар: «Алдамчи дунёдан узоқлашмоқ, абадий дунёга юз тутмоқ ва ўлим келмасидан унга ҳозирланмоқ!». Тамом.
Шайх Аҳмад Зарруқнинг шарҳларидан