Ижтимоий тармоқларда, айниқса, телеграм каналларида Чарлз Либер исмли Гарвард университети профессори ва яна икки хитойлик олим Хитойдаги лабораторияда коронавирусни яратгани ва у ҳибсга олингани ҳақидаги видеохабарлар тарқалди.
Аммо бу хабарларнинг барчаси ёлғон. Чарлз Либернинг ҳибсга олиниши коронавирусга алоқадор эмас.
Бу хабарнинг ёлғонлиги ҳақида фактчекинг сайти (https://www.factcheck.org) 22 та ишончли манбани ўрганиб, суриштириб, махсус мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, 28 январь куни АҚШ Адлия вазирлиги Либер ва икки хитойлик фуқарога қарши битта пресс-релизда айблов хулосаси эълон қилган. Аммо улар 3 та алоҳида ҳолат сифатида тилга олинган. Видеода ҳам эшитсангиз, "three separate cases” дейилган.
Вазирлик айблов хулосасига кўра, Гарвард университетининг кимё ва кимё-биология факультети мудири бўлган Чарлз Либер ўзининг Ухань университетига алоқадор экани, шунингдек, Хитойнинг хорижлик олимларни мамлакатга жалб этишга қаратилган "Мингта талантлилар лойиҳаси”да иштирок этаётгани ҳақида АҚШ Мудофаа департаменти ва Соғлиқни сақлаш миллий институтларига очиқ ахборот бермаган.
Шунингдек, олим Ухань Технология университетида лаборатория очиш учун Хитой ҳукуматидан олган 1.5 млн доллардан кўпроқ пулни, ҳар ой оладиган 50 минг долларлик маоши ва Уханда яшаш харажатлари учун ажратиладиган пул ҳақидаги ахборотни ҳам яширган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўп хабарларда ҳам бу каби фактлар тилга олинган ва улар тўғри. Аммо лаборатория ноқонуний фаолият кўрсатгани ва вирусни ишлаб чиқаргани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга зид. Бу ҳақда ҳеч қандай далил йўқ.
«Science» нашрида чоп этилган мақолада Либер шпион сифатида ҳаракатда бўлмагани, унинг кейинчалик Хитой босими остида қолиши мумкинлиги боис терговга тортилгани ҳақида ахборот берилади. Ҳолатни тергов қилаётган прокурорлардан бири – Эндрю Леллинг шундай деган: «Мингта талант лойиҳаси» АҚШ олимларининг Хитойга бориши ва катта пул эвазига тадқиқотларни у ерда амалга оширишини қўллаб-қувватлайди. Бу ноқонуний эмас, бироқ федерал тадқиқотлар агентликлари битта илмий иш учун ҳам АҚШда, ҳам Хитойда бир хилда пул тўламоқчи эмас”.
Бундай ўйлаб қараганда, ҳамма тасодифий фактлар бир-бирига мос келаётгандек. Ухань университети, "COVID-19”нинг тарқалиши. Бу ерда вақтга ҳам диққат қаратиш лозим. Чарлз Либер 2018 йилда Мудофаа департаментига ёлғон баёнот бергани ҳақида, шунингдек, 2019 йил январида АҚШ соғлиқни сақлаш миллий институтларини алдагани ҳақида унга нисбатан айблов эълон қилинган. Бу "COVID-19” тарқалишидан аввал бўлган. Бироқ вирус билан боғлиқ янгиликлар авж олган даврда, яъни 2020 йил 28 январь кунига келибгина айблов эълон қилингани учун воқеалар бир-бирига аралашиб кетган.
Фактчекинг мухбирлари вирус ва Либер ўртасида қандайдир алоқа борми, деб сўрашганда, АҚШ Адлия вазирлиги вакили: "Адлия Вазирлиги бундай айбловни илгари сурмаган”, деб жавоб қайтарган.
Либер – нанотехнолог ва ниҳоятда кичик, нанометр ҳажмдаги материалларни ўрганади. У ҳужайралар ичида нанобоғламалар ўтказишнинг янги йўллари устида изланган бўлса-да, Либер биолог эмас ва вируслар билан боғлиқ тажриба ўтказмаган.
Ухань Технология университети ҳам вируслар билан боғлиқ изланишлар ўтказмайди. УТУ асосан муҳандислик, транспорт ва логистикага ихтисослашган университетдир.
Чарлз Либер билан бирга номи тилга олинган бошқа икки хитойликнинг ҳам вирусга ҳеч қандай алоқаси йўқ: уларнинг бири Бостонда ўқиган, аслида, хитой лейтенанти бўлган ва буни АҚШ визасини олиш учун яширган, шунингдек, рототехнолог олимлар ҳақида онлайн ахборот тўплашда айбланган. Иккинчи хитойлик олим эса саратон касаллиги тадқиқоти учун биоматериалларни пайпоғида олиб, Пекинга учаётган пайтида ушланган.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|