Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.
"Қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтган.
Хабарга кўра, зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.
"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилган.
"Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этади”, дея қайд этилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, толибонлар Тожикистон чегараси бўйлаб қатор ҳудудларни эгаллаб олгани хабар қилинган эди.