Таҳририятга бир оқила келинчакдан қўнғироқ қилди: «Нуқул қайноналарни ёмонлашади, улардан нолишади. Масалан, менинг қайнонам дунёдаги энг яхши аёл, бирор марта улардан хафа бўлмаганман. Яхши қайноналар ҳақида кўпроқ ёзинглар!» Ана шу мурожаатдан кейин туғилган хулосаларимиз билан ўртоқлашамиз.
Қизларнинг хунуги?... Қўйсангиз-чи, атиргулдан қирмизи лабни, қуёшдан қизил ёноқни, шаршарадан сумбул сочни қарз олиб, узун киприкларини пирпиратиб қараб турган, ичи тўла сир, дили тўла орзу шу оппоқойлардан гўзали борми дунёда?
Бемеҳр оналарчи? Іар фарзанди учун жонидан жонни айириб, еганини ҳам ўзига юқтирмай, кўкрак тутган, сочининг қораси, тишининг сарасидан жудо бўлиб, ўзидаги бор нарсани бериб, йўғини йўндираман деб ҳар ёққа югурган аёлни ёмон дейишга кимнинг ҳам тили боради?
Келинларнинг эпсизини кўрганмисиз? Виждонан айтинг, энг ёмон деб ҳисоблаган келинингизнинг ҳам оилангиз ҳаётига қанчадан-қанча ҳиссаси қўшилган, ўғлингиз шу қизга уйланиб, эр йигит, оила бошлиғи бўлган. Сизнинг уйингизда келин аёллик, оналик оламига қадам қўйган, сизни буважон, бувижонга айлантирган.
Қайноналарнинг ёмони бўладими? Бу савол энди умуман ортиқча: аввал бошида дунёдаги энг гўзал қиз эди у, сўнг чаққон келинга айланди ва кўп ўтмай, меҳрибон она деган номга сазовор аёл энди қайнона бўлганда қандай қилиб ёмонга чиқиб қолади? Бизнингча, қайноналарнинг ҳам ёмони бўлмайди!!!
Яхши эрнинг онаси ёмонми?!
Хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, шу гапдан бошлайман: яхши эрни ёмон қайнона туғмайди. Турмуш ўртоғингиз яхшилиги учун ҳам сочлари қордек оқариб бораётган, баъзан қошидан қор ёғадиган онага меҳр кўрсатинг! У бўлмаганда, ким билади, эрингиз ҳам бўлмасмиди, сизга совчи қўймасмиди? Шу аёлнинг боласи сизга ёқса, шу аёл пул йиғиб сотиб олган, меҳнати сингган, усталарни боқиб қурдирган иссиққина уйда ўтирсангиз, қайнонанингиз сабаб, тўлақонли оиланинг келини экансиз, демак, уни ортиқча гап-cўзларсиз бошингизга кўтариб юраверинг. Ўғлини яхши эр йигит қилиб тарбиялай олгани учун ҳам бу она беш баҳога лойиқ қайнона!
Бирингиз икки бўлишини истайди!
Агар қайнонангиз чиндан ҳам ёмон бўлганида, сизга ҳозирги гапларининг ғирт тескарисини айтарди. Масалан, «Ўғлимнинг топгани сизники, мазза қилиб совураверинг, битта пайпоқ нима бўлади, учта олинг! Вой, сарпангиздаги пальтонгиз эскириб, «хотинча» кўринишга келиб қолибди, ахир сиз икки ўғил туққанингизга қарамай, қиз боладексиз, уйда ўтирсангиз ҳам, боғчага бориб-келасиз, янгисини сотиб олинг! Шу тўрт хона уй ҳаммамизга етади. Мўъжизалар юз берса, уйли бўларсизлар, ўшанда сиз ҳам уч ўғлимни қаерга уйлантираман, деб менга ўхшаб бош қотириб ўтирмайсиз. Овқатларни бирам ширин қиласиз, шунинг учун сиз тайёрлаётганда аралашмайман, мазасини бузиб қўйгим келмайди»… ва ҳоказо. Одатда қайнонангиз сизга «Ўғлимнинг топган-тутганини майда-чуйдаларга исроф қиласиз», «Ўзим аралашмасам, шўрванинг рангини қочирасиз» каби иддао қилади, тўғрими? Бу гапларни тўғри таржима қилишни ўргансангиз, «ёмон» қайнонангизнинг киши билмас яхшилигини кашф этасиз!
Сизни ёмон кўрганида, болангизни боқиб ўтирармиди?
Қайнонангиз ҳеч кимга тишини оқини кўрсатиб, сизга ҳеч қачон ён босмаса ҳам, қаранг, болаларингизни тиззасига олиб, ҳар дақиқада юзини чўлпиллатиб ўпиб ўтирибди. Унинг тарбиясига, набира боқиш тутумига қанчалик қарши чиқманг, у ёш жиҳатдан ҳам, тажриба борасида ҳам сиздан катта! Агар у оналикни эплай олмаганида, ҳозир эрингизнинг тўрт мучаси соғ, ақли баркамол бўлмасди! Тўғри, замонанинг зайлини билмай, ҳозирги ларингит болаларга ширинлик, қорин оғриқ чақалоқларга думба ёғи бериб, қовун тушириб қўйишлари мумкин. Бу уларнинг «Боламнинг боласи мендан хурсанд бўлсин, тезроқ катта бўлақолсин», деган ниятининг оқибати. Ёдингизда бўлсин, қайнонангиз ҳар доим неварасига яхшилик тилайди. Бирор иш билан банд бўлсангиз, қўлингиздан олади, ёрдамчингиз бўлади. Қайнонасиз яшаб, бола катта қилаётганлардан сўраб кўринг, битта ўзи ўнга бўлиниб, яна қанча ишига улгуролмаётганини айтади. Сизга беминнат энага, набирангизга меҳрибон буви бўлган аёлни ёмон десангиз, энди қайси мантиққа тўғри келади?
Жанжалкаш эмас!
Баъзан келинлардан эшитиб қоламан: «Қайнонам йўқ жойдан жанжал чиқаради, ҳеч бир ишимни ёқтирмайди». Қайнона бизни ҳаётдаги муросасизликларга тайёрлайди, десам устимдан кулмассиз. У қўрқув ва ҳурмат ўртасидаги фарқни кўрсатиб беради, кечирим сўраш ва «хўп бўлади»ни ўргатади, сукут сақлаш ҳикматини англатади. Ўзи билмаган ҳолда, бизни ишхона учун тарбиялаб беради, жамоа билан келишиш йўлларини уқтиради. Ўргатиб-ўргатиб, ўзида қолмаса, нима айб? Жанжалкаш қайноналар ҳам ёмон қайноналар қаторига кирмайди. Сиз ундан айтганини олинг-у, қилганини қайтарманг. Іаётий устозлик қилаётган қайнонани эса қўшни келинларгаю онажонингизга «ёмон» деб «мақтаманг!». Шу ўринда бир фикр: келинларни эшитсангиз, уларда ҳеч бир айб йўқдек туюлади, қайнонани тингласангиз, бу ёруғ оламда ундан ақлли аёл йўқдек. Нимада муаммо? Бир-бирини ҳурмат қилмасликда! Іурматли қайнона-келинлар, бир-бирингизни эшитиб кўринглар, аслида иккалангиз ҳам кўзингиз боғлиқ ҳолда бирингиз филнинг хартумини ушлаб, «Бу илон», иккинчингиз қулоғини ушлаб олиб, «Йўқ, бу елпиғич» деяпсизлар! Сизга оиланинг бутунлиги керак бўлса, фикрларни умумлаштириб, филни бутун қолдиринг, хулосани якдил чиқаринг. Қайнона, шогирдини, яъни келинини ҳар қанча қийнамасин, барибир устоз! Устозларнинг эса ёмони бўлмайди.
Сиз ҳам унинг йўлидан боришингиз аниқ!
Қайнонага осон тутманг. Ўттиз йиллик оилавий ҳаётига сиз киритаётган ўзгаришлар кап-катта хотинни эсанкиратиб қўяётгандир. Унинг қарама-қаршиликлари, аввало, ўзининг келинлик пайтида қила олмаган ишларининг алами бўлиши мумкин. Уйингизга камроқ жўнатаяптими, чунки унинг ўзи ҳам эҳтимол ойда бир онасиникига борган. Сизга кўпроқ иш буюраяптими, чунки унинг ўзи тўртта сигир соғиб, тўрт болани катта қилган бўлса, не ажаб. Тўғри, бировнинг иши учун бошқа биров андоза олиши мушкул. Лекин ҳозирча унинг алами тарқагунча қўзғолон қилманг. Унинг назарида ҳамма нарса тўкис оилада яшаяпсиз, эрингиз унинг эридан кўра меҳрибонроқ, қўли очиқроқ, кирингизни машина ювади, болангизни тагликлар катта қилади, кўчага чиқсангиз, автобусларда осилиб юрмайсиз, хуллас, қўлингизни совуқ сувга, оёғингизни лой этикка урмайсиз. Қайнонангиз сизга зуғум ўтказаётгани йўқ, у ўзининг таққослаши эвазига сизни бу имконият ва қулайликларнинг, ота-онангизнинг қадрига етишга ўргатмоқчи бўлаяпти. Бутун умри меҳнатда ўтган қайнонанинг бугунги авлод келинларини танқид қилишга тўлақонли ҳаққи бор. Ишонаманки, вақти келиб, сиз ҳам қайноналик мавқеига эришганингизда келинларингизга худди шу тутумни ушлайсиз. Чунки ўшанда қайнонангиз кўп ишларни тўғри қилганини тушуниб етасиз.
Вақт керак!
Бир дугонамнинг турмушга чиққанига етти йил бўлди. Ўтган беш йил ичида қайнонаси уни тоза синади. Мен бу дугонам ҳақида кўп бор ёзганман, кир осишидан тортиб, кўчадаги панжараларни артмаганига қадар гап эшитган, ҳар куни хамир овқат пишириб, турган жойида ухлаб қоладиган ҳолатга етганди. Ота-онаси тинимсиз қизини ажрашиш йўлидан қайтарди. Ўртоғим ҳаммасига чидади, эшитди, индамади. Орадан ҳеч қанча ўтмай, эркатой дугонам оёғи олти, қўли етти чаққон келинга айланди. Қайнонаси ҳам унга ройиш бера бошлади. Она-боладек бўлмаса-да, опа-сингилдек аҳил яшашяпти. У менга ҳозир нима дейди? «Қайнонам борлиги учун уйим тоза, икки маҳал овқатим тайёр, эрим хотиржам, болаларим тарбияли. Мен ундан қўрқардим, энди эса йўқ, мен у кишини ич-ичимдан тушунаман, ҳурмат қиламан...»
Ёмон қайноналар бўлмайди, гапини тушунтиролмаган оналар бўлади, холос. Ёмон келинлар бўлмайди, қайнонасининг яхшилигини тушунмаганлар бор, фақат. Агар уларнинг қайси биридир чиндан ҳам яхши бўлса, иккинчиси ақли ва виждонини ишлатиб, ўзини қайта тарбиялай олади. Ойижонлар, келинпошшалар, келинг, ўзаро дўст бўлиб яшайлик!
Азиза ҚУРБОНОВА
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|