Дунёда аёлни тушунишдан мушкулроқ иш йўқ, дейишади. Тўғри, гоҳида уни тушуниш қийин, айниқса, асабийлашиб турганида муомала қилиш мушкул. Аммо озроқ эътибор ва сабр аёлингиз кўнглини топишингизда катта ёрдам беради. Қуйидаги шпаргалкаларимиз ҳам тил топишиб олишингизга ёрдам берса ажабмас...
"БЕШ ДАҚИҚА, АЗИЗИМ...”
Бу иборани икки хил талқин қилишингиз мумкин. Агар бирор ерга отлансаг-у, пардоздан аввал беш дақиқалик «тайм-аут» берсак, билингки, ярим соатсиз иш битмайди. Агар сизга беш дақиқадан кейин сериал бошланишини ва футболни кўриб олишингизга айнан шунча вақт ажратилганини айтсак, ишонаверинг, бир сония ортиқчаси ҳам бўлмайди. Аёл руҳияти-да, нима ҳам қилардик.
«ЯХШИ БЎПТИ...»
Одатда баҳс якунига етганидан дарак беришни истасак айнан мана шу икки сўзни ёрдамга чақирамиз. Модомики, ҳаммаси «ЯХШИ БЎЛГАН» экан, бизга гап уқтираман, деб овора бўлманг. Сизники маъқул десак-да, барибир, ўз билганимиздан чекинмаймиз.
«ҲЕЧ НАРСА БЎЛГАНИ ЙЎҚ»
Ушбу ибора тўфондан аввалги сокинлик, десак муболаға бўлмайди. Зотан, «ҲЕЧ НАРСА», деган жавобимиз аниқ нимадандир далолат бериши турган гап. Ахир хафа бўлганимизни очиқ-ойдин айтишдан нима наф? Сиз яхшиси, ҳушёрликни йўқотманг-у, яна-да зийрак бўлинг. Аммо, ҳадеб сўроққа тутаверманг. Ана шунда «ҲЕЧ НАРСА БЎЛГАНИ ЙЎҚ»дан бошланадиган жанжаллар «ЯХШИ БЎЛИБДИ» билан якунланмайди.
ОҒИР ХЎРСИНИШ
Аёлларнинг бу хатти-ҳаракатини эркаклар кўпинча нотўғри тушунишади. Оғир хўрсиниш бирор вазият юзасидан нотўғри фикрлаётганингизни кўрсатиш ёки чорасизлик бўлиши мумкин. Шу билан бирга гап уқтиролмай ҳалак бўлсак ҳам «Уф-ф-ф...», дея хўрсиниб қўйишимиз мумкин.
«ҲАММАСИ ЯХШИ»
Бу ҳам аёллар луғатидаги энг хавфли сўзлардан бири. Агар асабий овозда «ҲАММАСИ ЯХШИ» десак, билингки сизни мот қилиш усулларини ахтаргунча бироз танаффус олган бўламиз. Бу вақт мобайнида ҳовуримиздан тушиб олишимиз учун мулойим сўзлаб, ҳеч бўлмаганда сукут сақласангиз, мумдай эри-и-иб кетамиз.
ШАРТ ЭМАС!
Шундай дедикми, яхшиси бизга яқинлашманг! Зеро, бу пайт асабимиз авжига чиққан бўлиши мумкин. Йўқ, йўқ асло нотўғри ҳаёлга борманг! «Шарт эмас!» деганимиз сизсиз ҳам уддалай оламиз, дегани эмас! Шунчаки бироз феълимизни кўрсатиб қўямиз, холос.
«ХАВОТИРЛАНМАНГ, ЎЗИМ...»
Одатда бирор юмушда кўмаклашишингизни илтимос қилсак, аммо сиз пинагингизни ҳам бузмай телевизорга тикилиб ўтираверсангиз, норозилик намойиши айнан мана шу ибора билан бошланади. «Ўзим эплайман!» деганимизга кўпам ишонаверманг. Пичинг қилсак-да, барибир, кўмагингизни интиқиб кутамиз.
«ТУШУНАРЛИ...»
Аслида гапларингизни умуман тушунмаганимизни билдириш учун атай шундай қиламиз. Аммо суҳбатни қайтадан бошлашингиз шарт эмас. Жуда кўнглингиз бўлмаса, майли бирор соатлар ўтиб, гаплашишимиз мумкин.
«ҚАЕРДАСИЗ?»
Биламан, бу сўзга аллергиянгиз бор. Бироқ «Ўрганган кўнгил – ўртанса қўймас», деганларидай, бир кунда бир марта «Қаердасиз?» демасак, хотиржам бўлмаймиз-да! Қолаверса, қўнғироқ қилганимизда атай бир-ики сония жим туришимиз ҳам бекорга эмас. Шу йўл билан орқа «фон»да нотаниш аёл овози бор-йўқлигини текшириб кўрамиз! Бу вазиятда сиздан ўта ишонарли ва тайинли гап эшитишимиз шарт! Агар биз кутган сўзларни топиб айтмасангиз, айб ўзингизда.