— Қалқонсимон бездаги тугунлар хавфлими? Улар ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.
Лола Шарипова, Тошкент шаҳри
Наталья Ни, олий тоифали шифокор-эндокринолог:
— Қалқонсимон бездаги тугунлар борлиги профилактик кўрик вақтида аниқланади. Бу тугунлар кўп вақт ўзини кўрсатмайди. Майда тугунлар эса пайпасланганда сезилмайди, уларни фақатгина ультратовуш текшируви орқали кўриш мумкин. Катта (диаметри 2 см.дан ошса) тугунларни пайпаслаш орқали аниқлаш мумкин. Бу тугунлар нега пайдо бўлади ва бу нохуш ҳолат аниқланганда нима қилиш керак, деган савол кўпчиликни қизиқтиради.
Қалқонсимон безда тугунларнинг шаклланишига кўпинча йод моддасининг етишмаслиги сабаб бўлади. Баъзан эса генетик мойилик, атроф-муҳитнинг ёмонлиги, ҳавода радиациянинг юқорилиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Агар қалқонсимон безингизда тугун аниқланган бўлса, аввало ваҳимага тушманг. Диаметри 1 см.гача бўлган тугунлар одатда хавфсиз ҳисобланади. Ультратовуш текширувида шифокор шубҳали ҳолатлар, масалан, кальций тузларининг йиғилиши, ўсимта қирраларининг нотекислиги, бўйин лимфа тугунларининг каттариши, киши яқинларида қалқонсимон без саратони борлиги аниқласа, тугунларни янада чуқурроқ ўрганиш талаб қилинади..
Агар шифокор шубҳали ўзгаришларни аниқламаса, бир йилда бир марта мутахассис шифокор кўригидан ўтиш етарли. Аммо тугун 1 см.дан катта бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак.