Кинотомошабинларга Шурик номи билан танилган актёр Александр Демьяненконинг ҳаёти турли кечинмаларга бой эди У зангори экран орқали томошабинларни кулдирган бўлса-да, шахсий ҳаёти ҳавас қилгулик эмасди. Тўғри, фаолиятининг маълум босқичида сезиларли муваффақиятга эришди, бироқ бора-бора айнан шу ютуқлари ишларига ғов бўла бошлади. Умуман айтганда эса, Александр Демьяненконинг маъюс нигоҳи ғам-андуҳга йўғрилган ҳаётини акс эттиради, дейиш мумкин...
Биринчи, иккинчи, учинчи хотин
Александр Демьяненко 1937 йилнинг 30 майида Свердловскда дунёга келган. Отаси Сергей Петрович актёр бўлиб, мудом аёллар қуршовида эди. Тўнғич ўғли туғилгач, у хотини билан ажрашиб, иккинчи марта уйланди. Бу никоҳдан бир ўғил ва бир қиз дунёга келди. Орадан маълум вақт ўтгач, Сергей Петрович биринчи оиласига қайтди ва Сашанинг икки синглиси – Наталья ва Татьяна туғилди.
Сергей Петровичнинг беш нафар фарзанди ўзаро аҳил-иноқ эди. У эса... учинчи марта уйланди ва бу хотини – Зоя Павловна билан умрининг охиригача яшади.
Ҳамиша отасининг ёнида юрган Саша театрга қизиқиб қолди. Шу боис маданият уйи тўгарагига қатнаб, роллар ўйнай бошлади. У мусиқий мактабда таҳсил оларди...
1954 йили мактабни тамомлаган Саша Свердловск университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Аммо ярим йил ўқиди, холос. Уни саҳна ўзига тортарди. Иккинчи йили Москвага йўл олди. Сўнг ота-онасига телеграмма юборди: "Мен Шчукин олий ўқув юртига қабул қилиндим”.
Александр Демьяненконинг ўқиши яхши, лекин кўп дарс қолдирарди. Машғулот чоғида у қўлини кўтариб, ўқитувчидан сўрарди: "Ташқарига чиқсам майлими?” Ўқитувчи рухсат бергач, аудиториядан чиқар ва тўппа-тўғри Свердловскка кетиб қоларди.
Иккинчи курсда ўқиётганида ГИТИС режиссёрлари Александр Алов ва Владимир Наумов Сашани "Шамол” фильмига таклиф қилишди. Бу роль томошабинлар қатори киноусталарининг ҳам эътиборини қозонди. Кинода янги қаҳрамон — мардонавор, камтарин, зиёли ёш йигит пайдо бўлганди.
1959 йили ГИТИСни тамомлаган Александр Демьяненкони Моска драма театрига таклиф қилишди. У бу даргоҳда уч йил ишлади. Демяненкони кино ўзига кўпроқ тортарди. У яна Алов ва Наумовнинг фильмида суратга тушди. Кейин иштирокидаги яна иккита фильм экранларга чиқди. У "Дима Гориннинг мартабаси”да ҳалол кассир ролини ижро этди. Иккинчи фильмнинг номи "Катта болалар” бўлиб, Демьяненко Дидия Алешникова билан бирга ўйнади.
1962 йилда Демьяненко театрни тарк этиб, Москвадан Ленинградга кўчиб ўтди. У "Ленфильм”да фаол суратга тушар, Москвада яшаш учун жойи йўқ эди. Ленинградда эса уй беришганди.
"Ленфильм”да Александр "Бўм-бўш рейс” (1962), "Давлат жиноятчиси” (1964) фильмларида роллар ижро этди. Аста-секин танилди. Унинг роллари ҳақида матбуотда ёзиб, расмлари сотиладиган бўлди. Аммо Демьяненконинг қаҳрамонлари бир қолипда эди: иши юришмайдиган навқирон, бироқ ҳамиша виждонли, қатъиятли... Гайдай билан учрашмаганида Демьяненконинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳали номаълум эди.
Владикми ё Шурик?
60-йилнинг ўрталарида режиссёр Леонид Гайдай комедия суратга олишга киришди. Сценарий "Жиддий бўлмаган саргузаштлар” деб номланганди. Бош қаҳрамон – Владик Арьков исм-шарифли талаба эди. Режиссёр мазкур ролга 40 нафар даъвогарни синовдан ўтказса-да, ҳеч бири ёқмади. Шунда кимдир шипшиб қолди: "Ленинградда яхши актёр бор”. Леонид Иович ишини ташлаб, Ленинградга йўл олди...
Демьяненко қорасоч эди. Фильмда уни сариқ сочли қақрамонга айлантиришди.
"Ўшанда терисининг қабариқларигача бўяб ташладилар, — деб эслаганди хотини Людмила Акимовна. — Бўёқлар жудаям сифатсиз эди”.
Фильмни суратга олиш ишлари бошланди. Ижодий гуруҳдан кимдир Гайдайга маслаҳат берди: "Қаҳрамоннинг исми Шурик бўла қолсин”. Гайдай кўнди.
Кўп ўтмай, "Ы” операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари” пайдо бўлди.
Шурик роли Демьяненкога ниҳоятда улкан омад ва шон-шуҳрат олиб келди. Орадан икки йил ўтгач, режиссёр бу қаҳрамоннинг навбатдаги ҳангомаси — "Кавказ асираси ёхуд Шурикнинг янги саргузаштлари” фильмини ишлади. Кейинроқ эса "Иван Васильевич касбини ўзгартиради” экранларга чиқди.
Машҳурлик ва... фожиа
"Шурик” Демьяненкога ўчмас тамға мисоли ёпишиб қолди. У кўчага чиқолмасди. Актёрни ўраб олиб, елкасига қоқишар, сенсирашга ўтиб, кўзойнагини тўғирлашга, қулоғидан чўзишга уринишарди. Демьяненко эса камтарин ва индамас бўлиб, бетакаллуфликни ёқтирмас, жирканарди. Аммо мухлисларнинг тўлқинини тўхтатиб бўлмасди.
Шурик роли туфайли уни томошабинлар билан учрашувларга таклиф қилишарди (бу актёрнинг иккинчи даромад манбаи эди). Бироқ...
Кўп ўтмай, омадли деб топилган роль фожиага юз бурди — кўпгина жиддий режиссёрлар унга роллар беришни бас қилишди. Улар Демьяненкога ишонишдан қўрқишарди. Томошабин қўлини бигиз қилиб, "эй, ахир, бу Шурик-ку”, дейишини ўйлашарди.
Демьяненко хотираларидан: "Мен шунчалик машҳур эдимки, режиссёрлар: "сен, ҳатто шифокорни ўйнасанг ҳам Шуриклигингча қоласан”, деб бош чайқашарди. Ишсиз қолиш янада кўнгилсиз эди”.
Хайрият, театр бор...
Демьяненкони театр ва ТВ қутқариб қолди. У дубляжга боши билан шўнғиди. Роберт Де Ниро, Жан-Поль Бельмондо, Умар Шариф, Уго Тоньяцци, Жон Войтлар Демьяненко овозида гапиришган. У Георгий Вицин каби мультфильмларга ҳам овоз берадиган бўлди.
Кинода Александр Демьяненко бошқа тузукроқ қиёфа ярата олмади. Шурик образи актёрнинг бўйнида тошдек осилиб турарди. Шу боис, унга иккинчи даражали, кичик ролларни беришарди. Демьяненко кинода суратга тушаверди. У умрининг охиригача 73 та фильмда роль ўйнади.
Демьяненко "Ленфильм”дан кетгач, Акимов номидаги комедия театрида фаолият кўрсатди. 1996 йилдан эса Санкт-Петербургдаги "Муғомбирлар макони” театрида ишлай бошлади. "Владимир майдони” ва "Антигона” спектаклларида роллар ижро этди. Ижроси ажойиб бўлса-да, бу театр унча катта эмас, шу боис, кенг омма билавермасди.
Муҳаббат, шахсий ҳаёт
Демьяненко биринчи хотини билан ёшлигида танишганди. Биргаликда 16 йил яшашди. Кейин эса... у жомадонини олди-ю, уйдан чиқиб кетди. Янги маҳбубаси "Ленфильм” режиссёрининг ёрдамчиси Людмила эди. Актёр у билан дубляжда танишганди.
Людмила Акимовна шундай деб эслайди:
"Биз сира жанжаллашмаганмиз. Йигирма тўрт йиллик биргаликдаги ҳаётимиз мобайнида бир мартаям тортишганимиз йўқ. Шунча йил яшаб, бир-биримиздан негадир хижолат тортардик”.
Бу Людмила Акимовнанинг ҳам иккинчи никоҳи эди. У биринчи турмушидан қизи Анжеликани тарбияларди (Лика актриса бўлиб етишди, "Итюрак”, "Сайёралар тантанаси”, "Бахтли кунлар” фильмларида суратга тушди).
Александр Сергеевич Анжеликага меҳр билан қарарди. Улар бир-бирлари билан мулойим гаплашишарди.
Демьяненко ўзи хушмуомала инсон бўлган. Бошқа руслардан фарқли ўлароқ, у ўзининг ота-онасини "сиз”лаб гапирган. Демьяненконинг... ўзининг фарзандлари йўқ эди. Учрашувларда сўраб қолишса, "ўгай қизим бор”, дерди. "Ўгай” сўзини ҳурмат билан тилга оларди.
У ҳар доим масъулиятни ҳис қилиб ишларди. Дала-ҳовлини яхши кўрарди. Кўп китоб мутолаа қиларди. Камтаринлиги ҳаддан зиёд даражада эди. Масалан, йирик автомобиль компанияси машина совға бермоқчи бўлганида рад қилган.
Демьяненко тасодифий танишлар, ортиқча учрашувлардан қочарди. Юрий Никулинни ҳурмат қилса-да, унинг "Оқ тўтиқуш” номли кўрсатувида иштирок этишдан бош тортди. Агар интеллектуал дастурда иштирок этганида миллионлаб пулларни ютиб олиши мумкин эди. Чунки, Демьяненко билим доираси кенг, ақл-заковатли бўлиб, жуда кўп нарсани биларди. Айрим актёрлар экранда ақлли инсонларни ўйнашади, ҳаётда эса гўл, калтафаҳм бўладилар. Демьяненкода мутлақо акси эди.
1 сентябрда, таътилдан сўнг
Александр Демьненконинг юраги хасталиги, уни операция қилиш кераклигини ҳеч ким билмаган. Бу касаллик Казаков театри бош режиссёри барча халқ артистларини чақириб, гаплашиб олганидан сўнг бошланган эди. Аёл Демьяненкога шундай деганди:
"Мен сизни театр артисти сифатида билмайман, кинода кўрганман, холос”.
Демьяненконинг жаҳли чиқиб кетди: "Тушунарли, раҳмат. Демак, мен ишдан бўшатилдим”. Унинг юзи оқариб чиқди: "Мен ҳеч кимга керак эмасман. Мени танишмайди ҳам...”
Уни кинога жуда кам таклиф қиладиган бўлишганди. Демьяненко "Қулупнайжон” сериалида ўйнашга мажбур бўлди. У бу тижорий лойиҳани жонлантириб юборди. Ҳар куни сериалнинг янги қисми суратга олинарди. Демьяненко аввал Москвадаги меҳмонхонада, сўнг ижара уйда яшашга мажбур бўлди. Уйига фақат якшанба кунлари келарди. Бирор кун ҳам ижодий гуруҳ ишини барбод қилмасди.
Сериални суратга олаётганларида Демьяненконинг ўнг кўзи кўрмай қолди. Москвада операция қилинди. Бу актёрнинг биринчи наркози бўлиб, уни жуда оғир ўтказди. Натижада танасида яшириниб ётган жароҳатлар бош кўтарди. Врачлар, язва — ярали касаллик, дейишди. Актёрнинг аҳволи оғирлашгач, бу язва эмаслиги, балки иккинчи инфаркт рўй бергани аён бўлди. Ваҳоланки, Демьяненко инфарктнинг биринчисини ҳам хаёлига келтирмаганди. Зудликда операция қилиш керак эди.
1999 йил ёзида даҳшатли жазирама бошланди. Шифокорлар кўрсатмасига кўра, Александр Сергеевич коронарографияга тайёрланди. Уни операция қилиш шифокорлар таътилдан қайтадиган ва салқин бошланадиган 1 сентябрь кунига белгиланди. Бироқ...
Александр Демьяненко 22 август куни ҳаётдан кўз юмди... "Операция "Ы” қаҳрамони ижрочисини операция қилишга кечиккан эдилар...
Анвар Намозов