Англия Премьер-Лигаси 31-турининг марказий баҳси "Арсенал” ва "Ливерпуль” ўртасида бўлиб ўтди. Учрашувда ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамиятга эга эди: "Арсенал” ғалаба қозонган тақдирда "Манчестер Сити”дан ўзиб кетар, "Ливерпуль” ютуққа эришган тақдирда эса 4-ўрин учун курашишда давом этар эди. Учрашувнинг дастлабки ярим соати тенг баҳсларда кечди. Дастлаб майдон эгалари бўлмиш "Арсенал”, сўнг меҳмонлар навбатма-навбат ташаббусни қўлга олди. Аммо биринчи таймнинг охирги 15 дақиқасида "Арсенал” рақибининг дарвозасига кетма-кет учта жавобсиз тўп йўллашга муваффақ бўлди. 37-дақиқада ҳимоячи Эктор Бельерин "қизиллар” жарима майдонига ёриб кириб, тўпни Миньоле дарвозасининг узоқ ўнг бурчагига жойлаб қўйди. Орадан уч дақиқа ўтгач, Месут Ўзил жарима зарбасини муваффақият билан амалга ошириб, ҳисобни 2:0 га етказди. Ниҳоят, қўшимча дақиқада Алексис Санчес чиройли зарба билан ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Иккинчи таймда ўзаро тенг баҳс давом этди. 77-дақиқада Раҳим Стерлинг рақиб майдонида йиқитилди. Нуқтага яқинлашган "Ливерпуль” сардори Жордан Хендерсон ўз пенальтини муваффақият билан амалга оширди. Аммо 84-дақиқада Эмре Жаннинг иккинчи сариқ карточка олиши ливерпулликларнинг ҳисобни тенглаштиришга бўлган умидини сўндирди. Иккинчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда "тўпчилар” ҳужумчиси Оливье Жиру навбатдаги гол муаллифига айланди. 4:0 якуний ҳисоб бўлди. Шу тариқа "Арсенал” турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилди, "Ливерпуль” эса 5-ўринда қолиб, келаси йилги Чемпионлар Лигасида иштирок этиш имкониятидан амалда маҳрум бўлди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://kun.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|