Ҳар бир инсоннинг болалигида ўз орзулари ва қизиқишлари бўлади. Менинг болалик қизиқишларим эса, асосан спорт ва санъат соҳасига бўлган. Ўзим 1983 йил 5 ноябрда Фарғона вилоятида, санъатга алоқаси бўлмаган зиёлилар оиласида таваллуд топганман. Оиламиздан санъаткор чиқмаганлиги туфайли, ота мени ўзи каби тадбиркор бўлишимни истарди. Аммо, спорт ва санъатга бўлган қизиқишларимга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган. Отам ва амакиларим тадбиркор бўлишгани учун ҳам, мактабни битириб, 2001-2006 йилларда Қирғиз-ўзбек халқаро университетининг "Ҳуқуқ ва божхона” факультетида таҳсил олдим. Сўнг, 2012 йилдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, 2014 йил февраль ойида ўз компаниямни очдим ва ҳозирги кунга қадар уни директор сифатида бошқариб келяпман.
Бир қарашда ҳеч нарсадан камчилигим йўқ, тўкис ҳаёт эгаси бўлсам-да, аммо вақт ўтган сайин қалбимдаги спорт ва санъатга бўлган меҳр кучайиб борарди. Шунда мен, болалик орзуларимни ҳам амалга оширишга жиддий қарор қилдим. Болалигимдан спорт билан шуғулланганим ва спортчиларга хос ташқи қиёфам, тез орада кинопродюсерлар ва режиссёрлар эътиборини тортди. Мени фильм ва сериалларда ролларга таклиф қила бошлашди. 2015 йилда продюсер Руслан Мирзаевнинг "Супер Команда” комедик телевизион фильмида характерли ота ролини, сўнг, кетма-кет "Баҳор ойларида”, "Зуҳрахоннинг синфи”, "Менга Қорбобо керак”, "Дилозорим”, "Меросхўр”, "Ота рози”, "Снайпер” каби бир қатор фильмларда ҳар хил характердаги ролларни ижро қилдим. Булар менинг кино оламидаги илк муваффақиятли қадамларим бўлди!
Ўзимнинг актёр сифатидаги илк бош ролимни эса, "Эгизак ошиқлар” комедик фильмида ижро этдим. Бу эгизаклардан бири Рустам роли бўлиб, шу роль орқали томошабинлар меҳрини қозондим. Шундан сўнг, ўзбек-турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда яратилган "Юраклар жанги” сериалида, муаммолар гирдобида қолган Бобур образини яратдим. Бу образ менга катта муваффақият келтирди ва ўзига хос ташриф қоғозимга айланди. Шундан сўнг, менга сериаллар борасида ҳам таклифлар кўпайиб кетди ва "Бокира”, "Бахт қуши”, "Асира” сериалларида турли характерли ролларни ижро қилдим. Айни шу вақтда мен ўзимнинг продюсерлик фаолиятига ҳам қадам қўйишга қарор қилдим ва "Ризосинема” киностудиясига асос солдим. Продюсерлигимдаги илк лойиҳам "Ризо” сериали, тез кунларда юртимиз телеканалларидан бирида намойиш этилиши кутилмоқда.
Кўпчилик мендан "ҳаётда қандай инсонсиз?” деб сўрашади. Жавобим эса, шундай, "фильм ва сериаллардаги қаҳрамонларим каби ҳаётда ҳам, оғир-босиқ инсонман”. Ҳаётда мунтазам равишда спорт билан шуғулланаман. Чунки, актёр ўзининг ташқи қиёфасига ҳам, саломатлигига ҳам, бирдек эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайман.
Оилалиман, 5 фарзанд, яъни 4 қиз ва бир ўғилнинг отасиман. Рафиқам Зиёда Нормуродова ҳам актриса, бир неча фильм ва сериалларда суратга тушган. У билан бир сериалнинг съёмка жараёнида танишганмиз, оиламиз ўзаро муҳаббат ва кучли ишончга қурилган.
Инсон ўз вақтини тўғри тақсимлаши керак, деб ҳисоблайман. Чунки, ўзим бир вақтнинг ўзида актёрлик, продюсерлик ва тадбиркорлик фаолиятини тенг олиб боряпман.
Ҳозирги кунда ўзбек-турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинаётган "Юр муҳаббат” сериалида Бакир ролида суратга тушяпман. Бу сериал ҳам тез орада телеэкран юзини кўради. Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot #xabarlar, #ahborot, #Yangilik, #news, #новости, #Yangiliklar, #newsuz, #uznews, #habarlar dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|