Бир йигит гулзорга кирибди. Гулларнинг ичини оралаб, энг чиройли атиргул олдида тўхтабди. Бахмалдек товланиб, кулиб турган атиргулни аста хидлабди. Хидидан боши айланиб, сархуш бўлаёзибди. Уни новдасини аста сийпалаб, узмоқчилигини айтибди.
– Мени узма, мен бу гулзорнинг энг гултожисиман. Қанча дилларни яйратишим, кўзларни қувнатишиб керак – дебди.
-Ёрим мендан аразлаган, сени кўрса, балки кўнгли юмшармикин, – дебди йигит.
–Эрта кел, – дебди атиргул.
Йигит эртасига келибди. Атиргулни узмоққа шайланибди. Атиргул кечагидек кулиб, жилмайиб рози бўлибди. Гулзордаги барча гуллар чайқалиб, оҳ-ваҳ тортиб юборишибди. Йигит узаётган пайт Атиргул уни тўхтатибди;
-Менга ваъда бер, кейин мени авайлайсанми, чунки мен узоқ яшай олмайман.
Йигит ваъда бериб, гулни охиста узиб олибди. Гулзорда хайрлашув оғир бўлибди. Қанча гуллар бағри тиғланиб, барглари ерга тўкилибди. Бошларини ерга хам қилиб йиғлаб олишибди. Шунда ҳам атиргул жилмайганча ифорини таратиб, гулзорни тарк этибди. Йигит уни чиройли гулдонга сув солиб, севгилисини хонасига қўйибди. Қиз атиргулга қарамабди. Атиргул ширин исларини хонага таратибди, секин қўшиқ куйлабди. Қизни димоғига атиргул иси урилибди. Атиргул кулиб туриб, қизни ўзига чорлабди.
Қиз гулга маҳлиё бўлиб, уни қўллари билан сийпаб, аста ўпиб қўйибди. Қиз ҳар гал атиргулни кўрганда меҳри тобланиб, уни силаб нозик қўллари билан сийпаб қўяр, атиргул эса қувонганидан бор вужуди билан ифорини таратар экан.
Қиз шундай чиройли атиргул олиб келган севгилисидан миннатдор бўлиб, уни кечирибди. Улар яна олдингидек, иноқ бўлишибди.
Атиргул эса умри тугаб сўла бошлабди. Кундан кун барглар қовжираб тўкила бошлабди. Бундан йигит билан қиз қаттиқ қайғуришибди. Қанчалик мехр кўрсатишмасин вақт ўз хукмини ўтказибди.
"Мен ўз вазифамни бажардим. Сизлар бахтли бўлинглар”-дебди атиргул. Қиз уни, жонсиз атиргулни ташлаб юбормай, уни авайлаб китобини орасига солиб қўйибди.
Ҳаётда ҳам шундай. Айримлар ўз ҳаётини ўйламай, ўзгалар ҳақида қайғуришади, уларга бор мехр муҳаббатларини бахшида этишади.
Сиз ҳам шундай атиргулга ўхшай оласизми?