Жорий йилнинг 20 октябрида Тошкент шаҳар ҳокимининг "Тошкент шаҳрида оила муносабатларини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажратиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисида” Қарори имзоланди.
Ушбу қарорга кўра, энг аввало, шаҳар ва туманлар кесимида тузилган ишчи гуруҳларига оилавий ажримларнинг одини олиш борасида чуқур таҳлиллар олиб бориб, оила қураётган шахсларнинг мажбурият ва масъулиятини ошириш, ажрим қайд этилган ҳолатда биринчи навбатда вояга етмаган фарзандларнинг уй-жой билан таъминланиши, алиментнинг тўлиқ ундирилишига эришиш, ундан бўйин товлаш ҳолатларига қарши амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилмоқда.
Имконияти бўла туриб, оиласи, фарзандларини уй-жой билан таъминламаган, оиласини моддий қийин аҳволга солиб қўйган эркаклар, фоҳишабозлик билан шуғулланиб оилаларнинг ажримига сабабчи бўлаётган аёллар кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинади. Бир ой муддатда уй-жойсиз қолган вояга етмаган фарзандлар мониторинг қилиниб, уларнинг оталари томонидан уларга бошпана қилиб бериш масаласида жиддий иш олиб бориш масаласи ҳам илгари сурилмоқда.
Қарорда тўйдан кейин келинни бир ой муддатда (агар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турса) куёв яшайдиган хонадонга (бу хонадон кимнинг мулки бўлишидан қатъий назар) рўйхатга қўйиш борасида вазифалар қўйилган. Умуман, бу борада ҳам келинлар ва вояга етмаган фарзандларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кескин иш олиб борилади.