«Қаттиқ тушкунликда эдим. Тобора умидсизлик домига чўкиб борардим. Ижоддан, умуман ҳамма нарсадан ихлосим сўнганди...» суҳбатдошимнинг бу сўзлари, очиғи, мени ҳайрон қолдирди. Чунки мен учун Баҳром НАЗАРОВ «Айрилдим» қўшиғи билан мухлислар эътиборини қозонган, бугун «пичоғи мой устида» бўлган санъаткор. Интервьюга тайёрланаётганимда кўзларидаги маъюслик сабабини билишга қизиқдим. Рўйи-рост ҳақиқатни эса унинг ўзи сўзлаб берди.
— Ижодга кириб келганингизда мусиқий ноталардан ҳам хабарингиз бўлмаган экан. Санъатдан йироқ бўлган одамга куйлаш нима учун керак бўлиб қолди?
— Аслида санъатга ёшлигимдан қизиққанман. Аммо ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бўларкан. Қолаверса, юрагингиздаги муҳаббатнинг аланга олиши учун бирор сабаб бўлмаса, оташида куймайсиз, ёнмайсиз. Кичиклигимдан қўшиқлар ҳиргойи қилардим, улғайгач, темир йўл соҳасини танлаганим боис хонандаликка жиддий эътибор бермадим. Талабалик йилларим устозим Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини тинглаб, юрагим тубидаги чўғ аланга олди.
— Оилангиздагилар «қўй шу ишингни, тинчгина танлаган соҳангда ишлайвер» дейишгандир?
— Отам санъаткор. Аммо ижод қилишимга қарши бўлган. Ўтган 12 йил давомида омад мендан кўп марта юз ўгирди. Ўша кезларда отам «Мен нима дегандим», деб ўзини койиган бўлса, ажабмас. Нима бўлганда ҳам, ота-да, фарзандига жони оғрийди. Эҳтимол, қийинчиликларни олдиндан кўра била олгандир.
— Ўқишни тугалладингизми?
— Институтни тамомладим, 10 йилча темир йўл соҳасида ҳам ишладим. Бу касбга жуда қизиқаман. Кўнгил узиб кетишим осон бўлмаган.
— Биринчи қадам кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Сизнинг-ча, илк қадамингиз дадил ташландими?
— Эркин ижод қилишни 2008 йилда бошлаганман. Ана шунда қадамим ҳақиқатан ҳам дадил эди. Унгача беш йил давомида ишларим юришмади. Орада ижоддан совиб, умидсизланиб қолдим. Устозим «Ҳаракат қилавер, ҳаммаси яхши бўлади», дея далда бериб, тушкунликдан асраб турди. Бир муддат санъатга ўрнимни тополмас эканман, аввалги соҳамга қайтсамикан, деган ўй ҳам бўлди. «Айрилдим»да эса таваккал қилдим. Нима бўлса бўлди, буёғи пешанадан! Менимча, ҳар биримизда шундай давр бўлади. Ҳаётнинг паст-баландида қоқилиб, йиқилиб, сўнг тўғри йўлга тушиб оламиз.
— Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечишимизга тўғри келади. Баҳром Назаров санъат йўлини танлагач, қандай қурбонликларга учради?
— Ўқиган касбимдан воз кечдим. Гарчи темир йўл соҳасига қизиқишим баланд бўлса ҳам, тарозу палласида ижод оғир келди. Уйқумдаги ҳаловатимдан айрилдим. Оилам, фарзандларим билан кам кўришаман. Бўш вақтим бўлиб қолса, ҳар дақиқасини ғанимат билиб, яқинларим билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан. Санъаткор учун маълум меъёрлар мавжуд. Шуларга риоя этишга мажбурсиз.
— Хўш, бугун топаётганларингиз, йўқотганларингизнинг ўрнини тўлдира олаяптими?
— Ҳар бир санъаткор истайди, қўшиғим оммалашсин, одамлар орасида танилай деб. Шу оқим ичидан ажралиб чиқолаётганим умидсизликка тушиб қолган, бедор ўтказган тунларимнинг ўрнини қоплаяпти. Ўзига шукр.
— Демак, сизнинг омадингиз келди?
— Ҳа десам, нокамтарлик бўлар. Қўшиқларимни сўраб, хизматларга чақиришади. Вилоятларда концерт дастурларини ҳавола этаяпман, илк яккахон концерт дастурига тайёргарликни бошладик. Насиб қилса, ноябрь ойига режалаштирганмиз. Мен буни омади келди, даврингни суриб қол деган маънода тушунмайман. Сабрнинг мукофоти дегим келади.
— Устозингиз Озодбек Назарбековнинг шогирдлари орасида сиз ва Алишер Файз ажралиб чиқдингиз. Бу ҳам омадми? Ёки сизга кўпроқ эътибор қаратилганиданми?
— Шогирдлар ака-укадекмиз. Устозимиз барчамизни тенг кўради. Ижодни қандай олиб бориш ҳар бир санъаткорнинг ўзига боғлиқ. Озод ака «Ўзингнинг йўлинг, овозинг бўлсин», деб кўп таъкидлайди. Тўғри, аввалига ҳаммаси тақлиддан бошланади. Истайсизми, йўқми, ўзингиз билмаган ҳолда устозингизга ўхшаб бораверасиз. Куйлаш услубингиз, ижро техникаси тарафлама. Аммо тажриба ортгани сайин ўз овозингиз кашф қилинади. Бунинг учун эса меҳнат қилишингиз керак. Озод акага шогирд тушганимга 12 йил бўлди. Кўча-кўйда одамлар назарига тушганимга эса икки йил бўлаяпти.
bah3— Шоу-бизнесда ўз ўрнингизни тополишингизда устозингизнинг кўмаги катта бўлди. Маблағинг ёки бақувватроқ ҳомийинг бўлмаса, «синасан» деган гапга қандай қарайсиз?
— Ҳомийингизнинг бўлгани яхши, чунки моддий ёрдам керак, барибир. Аммо қўшиқларингиз одамларнинг юрагига етиб бормаса, рекламангиз учун миллионлар сарфлаган ҳомий ҳам ютқазиб қолаверади. Биринчи ўринда ашула мавзусига эътибор бериш керак. Халқ орасида юриш, кузатиш, ўрганиш лозим, қандай муаммолар бор? Ўқни бекорга отмаслик керак, нишонга тегизиш муҳим. Бастакордан мусиқани, шоирдан шеърни сотиб олиб, икки кунда овоз ёзиш иш эмас-да. Хонанда ижодор бўлмас экан, узоққа бормайди.
— Сиз айтаётган ҳаётий мавзулар қаердан олинади? Атай одамлар орасида юришга вақтингиз бўлмаса керак?
— Масалан, «Айрилдим» қўшиғи яратилаётганда, ўзим билмаган ҳолда кўпчиликнинг дардини олиб чиққанман. Қўшиқ оммалашганидан сўнг кўплаб фикр-мулоҳазаларни тинглаб, айрилиқ «глобал» мавзу эканини билдим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам тарона одамларга манзур бўлгандир. Атрофингиздаги одамларнинг тақдирин кузатсангиз, ҳаётий мавзу тополасиз.
— Характерингизга кўра шошилмайдиган инсонга ўхшайсиз?
— Тез-тез шошилмасдан ҳаракат қиламан (кулади). Ижод борасида кўпинча шошқалоқлик қиламан. Аксарият қўшиқларимни шошма-шошарлик билан ёзаман-да, кейин қайта ишлайман. «Айрилдим»ни ҳам уч марта оранжеровка қилганман, етти марта овозлаштиришдан ўтган. Бунақа воқеалар кўп бўлиб туради. Негадир, ҳовлиқиб кетаман.
— Аммо шундай нарсалар ҳам борки, энди қанчайин шошилмайлик, барибир уларга улгурмаймиз.
— Ҳаётимнинг кўп йилларини ҳавога совуриб юбордим. Шунчаки яшаган пайтларим ҳам бўлди. Ижод қилмадим, ишламадим... Афсуски, энди у пайтларга қайтолмайман. Ўшанда улгуришим мумкин бўлганлари қанча эди.
— Репертуарингизда Баҳром Назаровнинг дарди акс этган қўшиқ борми?
— «Она» деган қўшиқ ёзаяпман. Шу ашулада дардимни тинглайсиз. Волимдамдан эрта айрилганман (сукут сақлаб). Концерт дастуримда куйламоқчиман.
— Келинг, клипларингиз ҳақида суҳбатлашсак. «Пари-пари» ашулангизни мароқ билан тинглаймиз. Аммо унинг видеоклипи, очиғи, диққатни чалғитади.
— Ҳеч бир клипни қўшиққа мосламайман. Чиройли манзаралар, ранг-баранг лавҳаларни ёқтирмайман. Клип мен учун мини фильм бўлиши керак.
— Клип қўшиқ сўзига мос келмаса, нима маъно беради?
— Баъзи пайтларда клипнинг асосий сюжети қўшиқ сўзига мос келмаслиги мумкин. Лекин қайсидир қисмида мослик бўлади. Томошабин мусиқий асарни кўриб, озуқа олсин ёки таъсирлансин.
— Эътирозим бор, «Пари-пари» клипини таъсирли ёки «озуқа» беради, дейиш мумкинми ахир?
— Сиз клипдан бирор нима ахтарманг. У шунчаки кайфият беради. Клип ҳақида кўплаб фикрлар бўлди. Лекин қўшиқнинг ўзини жуда илиқ кутиб олишаяпти. Кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди.
— Танқид қилаяпти деманг-у, аммо айтмасам бўлмайди. «Кечикиш» қўшиғи учун суратга олинган клипнинг илк лавҳаларида сийқаси чиқиб кетган мавзуни кўтаргансиз. Бир танишим «Клипнинг бошини кўриб, телевизорни ўчириб қўйдим», деди.
— Ўзимга ҳам бу сийқаси чиққан мавзу. Аммо одамлар орасидаги муаммо-ку. Нега энди олиб чиқмас эканман.
— Қайнона-келин можаросини бу тариқа ёритмаса ҳам бўлади. Ранжиманг-у, эскирган услубдан фойдалангансиз.
— Ўртани топишга ҳаракат қилдим. Севги-муҳаббат мавзуси бўлганида, бошқа сюжет танланарди. Очиғи, жуда чуқурлашгим келмади. Оддий, турмушимизда учрайдиган воқеа бўлишини истадим. Шу боис ҳам келинини сиғиштирмайдиган қайнона образи ёритилди.
bah2— Актёрликка «қўлингиз» келишмаслигини айтишгандир?
— «Пари-пари» ва «Айрилдим» клипларида бош ролни ўзим ижро этишим керак эди. Лекин оёқ тираб туриб олдим, актёр топинглар деб. Романтик қаҳрамонларни умуман ўхшата олмайман. «Кечикиш»да ҳиссиётларни очиб бериш шарт бўлмагани учун ўйнадим. Аммо бундан кейин роль ижро этмайман. Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул экан.
— Ашаддий мухлисларини кўрганида йиғлагиси келадиган Баҳром Назаров ҳали ҳам шу кайфиятдами?
— Шу кунларга етгунимча, бошимдан нималар ўтганини ўзим биламан. Тўғриси, ёшлигим ширин ўтмаган. Кимдир болалигини эслаб завқланади. Менда бунинг акси, ёдга олишни истамайман. Мухлислар эътибори сабаб ортда қолган ҳаётингиз жонланади, бутунлигича бўлмаса ҳам қайсидир лавҳалари кино тасмасидек кўз олдингиздан ўтади. Гоҳида ухлаяпман, ҳозир уйғониб кетсам-да, ҳаммаси туш бўлиб чиқса-чи, деб қўрқиб ҳам кетаман. Билмадим, жуда таъсирчан инсон бўлсам керак.
— Оилангиз ҳақида билиш қизиқ мухлисларингиз учун...
— Икки фарзандим бор. Ўғлим Озодбек 5 ёшда, қизим 10 ойлик бўлди, исми Зеҳина. Аёлим уй бекаси. Отам, икки укам ва синглим бор.
— Фарзандлар тарбиясига вақтингиз бўладими?
— Имкон қадар ҳаракат қиламан. Гоҳида ҳафталаб ижодий сафарларда юраман. Ухлаб ётишганида хайрлашаман, кўришаман. Лекин бўш вақтим бўлса, оиламга ошиқаман. Мана, бугун ҳам ўғлим билан биргамиз. Гимнастика тўгарагига олиб боргандим, ҳали кичик дейишди.
— Уларга қараб туриб қандай хаёлларга чўмасиз?
— Фарзандларим мен кўрган қийинчиликларни кўришмасин, дейман. Ўзимга армон бўлганларни насиб қилса, улар учун амалга ошираман.
— Айни дам нималарни соғинаяпсиз?
— ...метрога тушгим келаяпти.
— Анча бўлдими метрода юрмаганингизга?
— Чамаси, икки йилча бўлиб қолди. Машинист бўлганимгами, метрода юрган пайтларимни соғинаман. Сафарлардан қайтаётганимизда «Афросиёб» ўтиб қолса, ҳамроҳимга поезд билан бир тезликда ҳайдашини сўрайман. Поезд ҳаракатланишини кўриб завқланаман. Секин юриб бораётганини кўрсам, вагонга чиқиб олгиларим келади.
— Яна темир йўл соҳасига қайтишингиз мумкинми?
— Балки...Яна ким билади дейсиз. Ҳар нарсанинг боши бўлганидек охири ҳам бор.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|