«Туғруқ пайтида қиндаги тиқилма (пробка) чиқиши қийин бўлди. Менимча туғруғимнинг қийин ўтишига ҳам айнан шу сабаб бўлган. Айтинг-чи, бу қандай модда, у ҳамма аёлларда бўладими?»
Нозима СОЛИЕВА, Тошкент вилояти
Туғруқ жараёни ҳар бир аёл учун жиддий ва ҳаяжонли онлардан бири ҳисобланади. Ундаги ҳар бир ҳолат хавф туғдирмаслиги учун аёллар бу ҳақда имкон қадар кўпроқ маълумот олишга интилишлари яхши, албатта. Чунки баъзан бу давр ўтиб бўлгач, аёл нима учун қийналдим, нега шундай бўлди, дея ўзини-ўзи қийнайди ва кейинги ҳомиладорликларда ҳам айнан шу ҳолатнинг рўй беришидан чўчийди.
Муштариймининг мурожаати юзасидан саволга шифокор-гинеколог Муяссар Назировадан жавоб беришини сўрадик.
ВАЗИФАСИ НИМА?
Бўлажак оналар шифокор кўригида «бачадон бўйни ёпиқ», деган гапни эшитган бўлсалар керак. Лекин нима учун бу аъзо ёпиқ, умуман ҳомиладорлик даврида уни нима ёпиб туради, билишни истайсизми? Бачадоннинг танаси ва бўйни фарқланади. Бачадон танасида ҳомила ривожланади, у ер жуда тоза (стерил) ҳисобланади. Бачадон бўйнида кичик бир канал бор (бачадон оғзи) у орқали бачадондан ҳайз қони чиқиб кетади, эрлик уруғи эса аксинча у ерга киради. Худди шу каналда махсус безлар бор. Улар шиллиқ модда ишлаб чиқаради. Ушбу модда ҳар бир аёлда ишлаб чиқилади ва худди тухум оқидек шилимшиқ кўринишда бўлади. Унинг ранги ва қуюқлиги ҳайз давридаги гормонлар таъсирида ўзгаради.
(алоҳида)
Авваллари УТТ текшируви оммавийлашмаган пайтларда аёлнинг қинидан ажраладиган ушбу моддага қараб, шифокорлар аёлда овуляция бошландими, у қандай кечиши ҳақида тегишли маълумотлар олишган. Яъни, бир томондан ушбу шилимшиқ модда аёл саломатлигини билдирувчи омил ҳисобланган.
ТИҚИЛМА ҲИМОЯМИ?
Ҳомиладорлик даврида бу шилимшиқ модда анча қуюқлашади ва бачадон бўйни каналини тиқилма сингари ёпиб қўяди. Чунки бачадон тоза бўлади. Қин эса бундан мустасно. У ерга ҳар хил инфекциялар кириши жуда осон. Ҳомиладорлик даврида эса аёл бу инфекцияларга ўта мойил бўлиб қолади. Бу табиий ҳимоя ҳомиладорликнинг сўнгги дамларигача онани ҳар хил вирус, микроблар ҳамласидан сақлаб туради. Туғруқдан бир оз олдин ҳамма аёлларда бу жараён турлича, баъзиларда туғуруқдан 7-10 кун олдин, баъзиларда туғишдан 2 соатдан олдин гормонлар таъсирида юмшаб, кўчиши мумкин. Ушбу тиқилманинг тушишини кўпроқ янги туққан аёллар пайқаб қолишади.
Бу кўпинча аёл чўмилганида ёки уйқудан турганида, ҳожатга борганида рўй бериши мумкин. Тиқилманинг ранги оқдан сарғишгача, баъзан қон аралаш бўлиши мумкин.
ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!
Шилимшиқ модда 36 ҳафтадан олдин, қон аралаш кўчса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки бу ерда гап йўлдош кўчиш хавфи ҳақида кетмоқда. Бу эса муддатдан аввал туғруқ юз бериш эҳтимолини оширади.
МУАММО БОШҚА
Ҳеч қачон бачадон бўйнидаги тиқилма (шилимшиқ модда) туғруқнинг узоқ кечишига ёки бирон муаммога сабаб бўлолмайди. Туғруқ жараёнининг сустлашиши умуман бошқа сабаблар оқибатида юзага келган. Бу бачадон бўйнининг етарли даражада очилмагани ёки бошқа муаммолар туфайли рўй берган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки бачадон бўйнидаги шилимшиқ модда ҳомила ва ташқаридаги инфекциялардан сақловчи девор (барьер) вазифасини бажаради, холос. Ҳеч қачон бир парча модда туфайли туғруқ жараёни тўхтаб қолмайди.
Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|