АҚШ президенти Барак Обаманинг бош ошпази, президент оиласининг яқин дўсти ҳисобланган Сэм Кэсс олти йиллик фаолиятидан сўнг Оқ уй ходимлари сафини тарк этди. Бу ҳақда "ТАСС” хабар бермоқда.
Ошпазликдан ташқари, АҚШ президенти маъмуриятида катта маслаҳатчи лавозимида иш олиб борган ҳамда АҚШ бошланғич ва ўрта таълим тизимида соғлом овқатланишни ташкил қилиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишда иштирок этган Кэсснинг кетиши кутилмаган ҳол эмас.
Оқ уй Кэсснинг кетиши ҳақида декабрь ойи бошида маълум қилганди. Кэсс ушбу қарорни оилавий сабаблар туфайли қабул қилган – у ёзда уйланган ва энди, MSNBC телеканалида бошловчилик қилувчи 36 ёшли турмуш ўртоғи – Алекс Уэгнер билан Нью-Йоркка кўчиб ўтмоқда.
Шунга қарамай, Кэсс АҚШ биринчи хоними – Мишель Обама томонидан илгари сурилган ва америкалик мактаб ўқувчиларининг семиришига қарши кураш бўйича ташаббусни амалга оширишда иштирок этиш ниятида. Кэсс бундан кейин ҳам ўқувиларни қандай боқиш кераклиги борасида тавсиялар ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатадими-йўқми, ҳозирча номаълум.
Қайд этиш жоиз, Оқ уй томонидан эълон қилинган шундай тавсияларнинг аввалги тўплами АҚШ президенти турмуш ўртоғи Мишель Обама ва Америка Мактабда овқатланиш тизими уюшмаси ўртасидаги қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.
Кэсснинг тўйи август ойи охирида Нью-Йорк штатидаги Покэнтико-Хиллс шаҳрида бўлиб ўтган, унда Барак ва Мишель Обама, уларнинг қизлари Малия ва Саша меҳмон бўлганди. Қайд этиш жоиз, Сэм Кэсс Обамалар оиласига 2007 йилдан бери – Обама президент бўлишидан илгари ҳам ошпазлик қилиб келарди.