Қаттиқ жисмларни пармаловчи ускуна қандай пайдо бўлганини биласизми? Уни аслида ўғрилар ихтиро қилишган. Улар сейфдаги пулни ўмаришнинг йўлини топиш мақсадида темирни пармалай оладиган асбоб ясаш ҳақида бош қотиришган. Осон пул топишни ўзларига касб қилиб олган йигитлар бирозгина ақлини ишга солиш эвазига яратган кашфиётлари орқали катта маблағ ишлаб топишга мушарраф бўлишган. Бунга ўзлари яратган парма орқали сейфни бузиш туфайли эмас, балки лойиҳасини ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали эришганлар. Худди шунинг сингари ҳаётимиз давомида юзага келадиган айрим эҳтиёжлар бизни янги ихтиролар яратишимизга сабаб бўлиб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Андижонлик Ойбек Умаров ҳам бензин нархининг қимматлашуви натижасида янги автомашина яратган.
— 2014 йил эди, — ҳикоя қилади у. — Янги участкага кўчиб чиққанимиз сабабли машинамиз яхшигина дастёримизга айланганди. У орқали бозордан қурилиш маҳсулотлари, ичишга сув ташиб келардик. Шаҳарга қатнаш учун йўналишдаги таксиларни кутиб ўтирмас эдик. Кутилмаганда бензин нархи ошиб кетди. Бу бизнинг ҳаракатларимизга жиддий таъсир кўрсатди. Бензинни, у орқали маблағимизни тежаймиз деб кўп ишларимиз қолиб кетган. Шунда бензинни ўрнини эгаллайдиган бошқа автомобиль яратса бўлмасмикин, деб ўйлаб қолганман. Хаёлимга келган фикрларни жамлаб, ўзим янги транспорт воситасини ихтиро қилишга киришдим. Мақсадим, электромобил яратиш эди. Биринчидан, бу бензинга қарамликни енгади. Иккинчидан харажати арзон бўлади. Муҳими, уни тиклаб олишда!
Ойбек астойдил ҳаракат қилди. Бироқ, бу осон кечмади. Боиси, электромобиль яратиш учун республикамизда эҳтиёт қисмлари мавжуд эмас. Бу борада тушунча берадиган устоз ҳам йўқ. Умуман олганда, электромобиль мамлакатимиз учун янгилик!
Аввалига автомобиль тузилмасини астойдил ўрганди. Ҳар бир эҳтиёт қисмининг вазифаси билан танишди. Шу тариқа темир трубалардан илк автомобилнинг шакли ҳосил бўлди. Энди унга эҳтиёт қисмларини жойлаб чиқиш керак. Бу каби жараёнлар бир томону, тайёр маҳсулотни амалда синаб кўриш бир томон экан. Ойбек ўз ихтиросини «оёқ»қа турғазиб олгач, уни синай бошлади. Машина аввалига соатига 10-15 км. тезликда ҳаракатлана бошлади. Ана энди унинг тезлигини ошириш бўйича бош қотириш керак. Бу аксарият эҳтиёт қисмларининг жойлашувидаги ўзгаришларни талаб қилди. Шу тариқа синов даври бир йил давом этди. Қарабсизки, соатига 50 км. тезликда ҳаракатланадиган электромобиль яратилди.
— Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи маъмурияти лойиҳам билан танишиб чиққач, 10 та автомашинага шартнома тузмоқчи бўлди. Бироқ лойиҳам ишлаб чиқаришга жалб этилмаганлиги боис бу режани амалга ошириш имкони бўлмади.
Ойбек Умаров лойиҳаси келажак истиқболига хизмат қилувчи пухта ўйланган режа, десак хато бўлмайди. Бироқ, республикамизда бу каби воситалар ҳаракатини таъминлаш учун ҳали шароит мавжуд эмас. Ихтирочи масаланинг бу жиҳатларига ҳам эътибор қаратган. Шу боис ҳудудларга электромобилларни қувватлантирувчи шохобчани ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиққан. 400 млн. сўм маблағ эвазига бунёд бўладиган шохобчанинг афзаллик жиҳати шундаки, у электр энергиясини қуёш батареялари орқали ўз ишлаб чиқаради. Ягона тўлов қиймати фойдаланилган сув билан боғлиқ, холос. Лойиҳа қиймати арзон бўлиш билан бир қаторда 20 та иш ўрни яратиши билан аҳамиятлидир.
Андижон машинасозлик институтининг 2-босқич талабаси бўлмиш ёш ихтирочининг бу каби лойиҳалари ҳамиша қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Жумладан, у 2019 йилда «Мард ўғлон» давлат мукофотининг соҳиби бўлди. 2020 йилда республика Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган технологик ривожланиш марафонида қатнашиб, 23 миллион сўм миқдоридаги маблағ билан тақдирланди.
Ёшлар ҳамма даврда ҳам ташаббускор бўлганлар, лекин ҳар доим ҳам қўллаб-қувватланмаган. Бугун республикамизда ёш авлоднинг иқтидорини намойиш этиш, лойиҳаларини амалиётга жорий этиш масаласи бош мавзулардан бирига айланган экан Ойбек каби иқтидор эгаларининг эл-юрт тараққиёти йўлидаги ташаббуслари ҳам ўзининг ижобий натижасини бериши, шубҳасиз!