Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Масалан, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун ҳам жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда.
Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.