Яқин қариндошларимдан бири бачадондан ташқарида ҳомиладорлик туфайли анча қийналди. Уч нафар фарзанди бўлгани боис, аслида, яна фарзанд кўришни режалаштирмаётганди. Юзага келган ҳолатда шифокорлар жарроҳлик аралашуви ёрдамида ривожланмай қолган ҳомилани олиб ташлаб, бачадон найчаларини боғлашибди. Ўйлаб қолдим, мен ҳам ҳомиладорликдан сақланиш учун шу тариқа йўл тутсаммикан. Чунки бошқа усуллар организмимга тўғри келмайди.
Зебо ВОСИТОВА, Тошкент шаҳри
Мавзу юзасидан тиббиёт фанлари номзоди шифокор-гинеколог Муяссар НАЗИРОВАга юзландик.
Юқоридаги ҳолат аёллар орасида учраб туради. Лекин бу ҳамма ҳам бачадон найчаларини боғлаш усулидан фойдаланиши керак, дегани эмас. Қариндошингиз ҳомиладорлиги бачадонда эмас, найчаларида содир бўлаверганидан кейин шунга мажбур бўлган.
Бачадон найчаларини боғлаш ҳомиладорликдан сақловчи усулларидан бири ҳисобланади. Аммо ундан фойдаланиш учун аёлнинг бошқа фарзанд кўрмаслик истагининг ўзи камлик қилади. Аслида, бу жуда мураккаб масала. Бир қарорга келиш учун аёл ҳар томонлама ўйлаб кўриши талаб этилади.
ФОЙДА ВА ЗАРАРИ НИМАДА?
Ижобий томони – операциядан сўнг аёлнинг тухумдонлари аввалгидек ишлайди, ҳайзи вақтида келади, гормонлар ва тухумҳужайралар ишлаб чиқилади, жинсий мойиллик ҳам йўқолмайди ва энг асосийси, аёл ҳомиладор бўлиб қолишдан ҳавотирланмайди.
Салбий томони – бу усулдан фойдалангандан кейин аёл ҳомиладор бўлолмайди. Айнан шунинг учун амалиёт бажарилишидан олдин аёл атрофлича ўйлаб кўриши керак. Мазкур усул ёш аёлларга тавсия этилмайди. Қизиққонлик билан турмуши бузилаётган маҳалда ёки фарзандларини ҳадеб касал бўлавергани сабабли шу қарорга келган аёл, кейинчалик турмуши анча барқарорлашган бир пайтда (ёки кутилмаганда фарзанди нобуд бўлиб, яна туғмоқчи бўлса) бу қароридан афсусланиши мумкин. Аммо унда кеч бўлади. Бундай бўлмаслиги учун, аввал ўйланг ва операция шартлари билан танишинг.
АМАЛИЁТ ШАРТЛАРИ
*Бачадон найларини боғлатиш амалиёти бажарилиши учун жуфтингизнинг ҳам розилиги талаб қилинади;
*Сиз туғруқ давридан ўтган бўлишингиз лозим;
*Оилада 2-3 нафар фарзанд бўлиши (яъни аёл аввал фарзанд кўрган бўлиши керак);
*ҳомиладорликнинг кечишига тўсқинлик қиладиган (юрак, нафас йўллари, сийдик-таносил аъзолари, қон касалликлари) каби ҳолатлар мавжуд бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб, амалиётга йўналтирилади.
ЖУФТИНГИЗ БИЛАН БИРГА...
Айтайлик, аёл бу усулни қўллашга рози. Шифокор ҳузурига эса, албатта, эри билан келиши керак. Жуфтликни иккиси ҳам биргаликда гинеколог суҳбатидан ўтиб, амалиётнинг барча шартлари билан танишади. Атрофлича маълумот олгандан кейин ҳам аёл қарорини ўзгартирмаса, унинг хоҳишини инобатга олган ҳолда бачадон найчаларни боғлаш усули (яъни операция)га тайёрланади. Усул ёрдамида аёлнинг бачадон найчалари операция йўли билан боғланади. Натижада овуляция пайтида тухумҳужайра эрлик уруғи билан учрашолмайди.
ТАЙЁРМИСИЗ?
ҳа, деб жавоб беришдан аввал операцияга ёзма ҳолда розилик беришингиз ҳамда ички касалликлар мавжудлигига кўра терапевт ёки тор доирадаги шифокорлар, гинеколог ҳамда анестезиолог (операция пайтида наркоз берувчи шифокор) кўригидан ўтишингиз, қон ва сийдик таҳлилларни топширишингиз керак.
Амалиётга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар борлигини ҳам унутманг. Бу:
*аёлнинг ички аъзоларида шамоллаш ҳолати;
*таҳлилларнинг қониқарсиз чиқиши;
*наркозни кўтаролмаслиги бўлиши мумкин.
Операция лапаротомия ёки лапароскопия усуллар ёрдамида амалга оширилади. Бунда қориннинг пастки қисмида ҳажми 3-4 см келадиган кесиқ орқали жарроҳлик асбоблари ёрдамида бачадон найчалари боғланади. Операциянинг ножўя таъсирлари деярли кузатилмайди. Тикланиш жараёни 2 ҳафтагача давом этиши, аёл бу даврда ўзини асраши, жинсий яқинликдан сақланиши, оғир кўтармаслиги керак.
«КЕЙИН, ҚАРОРИМ ЎЗГАРСА-ЧИ?»
Аёллар орасида бачадон найларини боғлатгач, яна фарзанд кўриш истаги пайдо бўлса, найчаларни аввалги ҳолатига қайтариш (соддароқ айтганда ечидириш) мумкин деган тушунча бор. Аслида, бундай қилиб бўлмайди. Агар сизга жараённи ортга қайтариш мумкин, деган таклиф билдиришса, алданиб қолмаслик учун, рози бўлманг!
ОПЕРАЦИЯДАН СЎНГ...
Қиндан қонли ажралмалар оқиши кузатилади. Бу табиий ҳолат бўлиб, операция пайтида бачадоннинг силжиши туфайли рўй беради. Баъзи беморларда белда оғриқ ва қорин дам бўлиши содир бўлади. Бу нохушликлар вақтинчалик бўлиб, 1-2 кунда ўтиб кетади.
Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА ёзиб олди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|