Асли Самарқанд вилоятининг Нарпай туманилик Р. Ф. исмли аёл оиласи бузилгач, икки нафар боласи билан Учқудуқ шаҳрига келади.
Шаҳарда ижарага уй олиб, бозорда савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлайди. Кўп ўтмай кичик ўғлини бегона бир аёлга васийликка бериб, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган И. А. билан танишади. Кафе-барларда санғиб юришлар, охир-оқибат шаръий никоҳ ва ҳомиладорлик билан якун топади.
4 апрель куни кўзи ёриган она фарзандидан "қутилиш” ва даромад олиш илинжига тушади. Танишларига ўз қарорини маълум қилиб, улар орқали харидор ахтаради.
Яқин одамлари "харидор” деб таништирган аёл билан 10 000 000 (ўн миллион) сўмга "баҳоланган” бола учун ҳозирча 2 500 000 сўм олишни, қолган маблағ ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг берилишига келишилади. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек кетаётган эди, гўё.
"Халқ сўзи" нашрининг ёзишича, туман ички ишлар ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли ушбу жиноятга чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида Р. Ф. ва унинг жиноий шериги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми "а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда Р. Ф.нинг "маъшуғ”и И. А. 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, "она” номига доғ туширган аёлга 5 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди.