Айни шу савол Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган "Болалар адабиёти: муаммолар ва истиқбол” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда муҳокама қилинди, деб ёзади"Халқ сўзи” нашри.
Таъкидланганидек, давлат ва хусусий нашриётларда ҳар йили болалар учун бир қатор шеърий, насрий асарлар чоп этилаяпти. Ўз-ўзидан аёнки, улар болалар дунёқарашини шаккллантириш, уларнинг турфа олам, табиат, санъат ҳақидаги билим ва тасаввурларини бойитишга хизмат қилаётир. Таассуфки, кам ададда чоп этилаётган айрим асарлар ёш китобхонларга етиб бормаяпти. Бугун нафақат болалар, балки "Ота ва бола”, "Она ва бола” китобхонлигига ҳам эътиборни қаратиш муҳимдир.
Негаки, ота-она китобхон бўлса, фарзандлар ҳам китобга меҳр қўйиб камолга етади. Анжуманда эътироф этилганидек, жорий йил охирига қадар Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа уйидан ташқари "Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйида 150, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйида эса 100 турдаги болалар учун мўлжалланган адабиётлар чоп этилиши режалаштирилган. Айни пайтда ушбу адабиётларни энг чекка ҳудудларда яшовчи ўқувчиларга етиб боришини таъминлаш борасида ҳам муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, тадбирда педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларида ҳам болалар адабиётини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан чоп этилган "Ўзбек болалар адабиёти анталогияси” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.