«Кўчада қизчамнинг қулоғидаги зирагини алдаб ечиб олишибди», «Фалончининг боласи йўқолиб қолибди», ҳатто, «Фалон жойда ёш қизчани ўлдириб, ахлатхонага ташлаб кетишибди»... Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳам, одамлар тилида ҳам шунга ўхшаш гаплар кўпайиб қолди. Албатта, ҳар қандай ота-онани бундай хабарлар даҳшатга солиши турган гап. Бугун болалар хавфсизлигини таъминлаш ҳақида гаплашамиз.
Аввало, тинчланинг, азиз ота-оналар! Фалончининг боласини ўғирлаб кетишган бўлса, бу албатта сизнинг фарзандингиз билан ҳам содир бўлади, дегани эмас. Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот органлари бундай ҳолларнинг олдини олиш ва содир этилган жинояларни фош этиб, жиноятчиларни зарарсизлантириш борасида салмоқли ишларни амалга оширишмоқда. Қолаверса, болани доим уйда ушлаб ўтиролмайсиз, 24 соат унинг орқасидан қоровуллик қилиб юролмайсиз ҳам. Шундай қилсангиз, фарзандингизнинг руҳий ҳолати, тарбияси ва шахс сифатида шаклланишига катта зарар етказишингиз турган гап. Ягона йўли – болаларни кўчадаги хавфлардан огоҳлантириш ва уларни ностандарт вазиятларда ўзини қандай тутишга ўргатишдир.
БЕГОНА ОДАМ – У КИМ ?
Аввалига болангизга «бегона одам ким?» деган саволни ойдинлаштириб беринг. Бегона – бу сиз ва болаларингиз аввал ҳеч қачон гаплашмаган одамдир. Болага тушунтиринг: бегона шахс, албатта, қўрқинчли ёки қўпол бўлиши шарт эмас. Бир қарашда одамнинг яхши ёки ёмонлигини аниқлаш қийин. Айрим бегоналар жуда меҳрибон кўриниб, очиқкўнгил ва қадрдон одамдек таассурот қолдиришлари мумкин. Аслида, эса уларнинг мақсади ёмон бўлади.
Ёш болаларни бундай изоҳ таажжубга солиши мумкин. Масалан, нега энди янги ўқитувчи ёки эндигина кўчиб келган қўшни билан гаплашиш мумкин эмас? Бегоналар билан умуман гаплашмасликка чақириқ бора-бора болани одамови, ёпиқ, биринчи гап бошлай олмайдиган, уятчан одамга айлантириб қўйиши, бу эса унга келажакда жуда халақит бериши мумкин. Шунинг учун олтин ўрталикни ушланг ва болага тушунтиринг: бегоналар билан умуман олганда гаплашса бўлади, фақат кўчада ёлғиз ўзи юрганда эмас, балки ёнида отаси, онаси ёки яқин бошқа бирон катта одам бўлганда.
БОЛА АДАШИБ ҚОЛСА...
Бундай вазиятда бола албатта нотаниш катталардан ёрдам сўраши керак. Фарзандингизга уқдиринг: мабодо адашиб қолса, биринчидан, турган жойидан ҳеч қаерга жилмасин, сизни қидириб машиналар турадиган жойга ёки бекатга югурмасин (шунда уни қидириб топишингиз осонроқ кечади), иккинчидан, ёлғиз ёки жуфт бўлиб юрганлардан эмас, бир неча киши бўлиб тўпланиб турганлардан ёки хизмат формасидаги инсонлар (милиционерлар, хавфсизлик хизмати ходимлари, қоровуллар)дан ёрдам сўрасин. Мабодо, бозор ва ёки бошқа оммавий жойларга кетаётган бўлсангиз, болангизга ёрқин кийим кийдиринг, шунда уни омма орасидан топиб олиш осон бўлади. Бола йўқолиб қолиб, уни радиоузел орқали қидирсангиз, боланинг радиоузел ёки маъмуриятга келишини сўраманг (у жойни баъзида катталар ҳам топа олишмайди), балки асосий чиқиш эшиги, катта соат, ҳайкал ёки бошқа аниқроқ кўринадиган мўлжални айтинг. ФАРЗАНДИНГИЗ СИЗДАН УЗОҚДА БЎЛСА...
Фарзандингиз катта бўлгани сайин кўпроқ вақтини сиздан узоқда, тенгдошлари билан ўтказа бошлайди. Шунинг учун болани қулоғига қуйидагиларни қуйинг:
Икки ёки уч ёшдаги тили чиққан болага ўз исм-фамилияси, ота-онасининг исми ва яшаш манзилини ёдлатиб қўйса бўлади. Каттароқ болалар эса ота-онасининг, тез ёрдам ва қутқарув хизматининг телефон рақамларини теришни билиши керак. Ҳамма нотанишлар ҳам яхши одам эмас. Кўпинча бола ўғриси ўзини «яхши амаки» ёки «меҳрибон хола» қилиб кўрсатади. Шу сабабли бегона одам нақадар яхши кўринмасин, улар билан гаплашмаслик керак. Ҳеч қачон бегона машиналар яқинига бормаслик, айниқса, уларга ўтирмаслик керак. Ҳатто машина ичида ўзига ўхшаган ёш бола ўтирган ёки салон ўйинчоқлару ширинликларга тўла бўлса ҳам. Яхши амакилар ҳеч қачон ёш боладан йўлни кўрсатиш, итини қидиришиб юбориш ёки оғир сумкасини кўтаришга ёрдамлашишни сўрашмайди. Бунинг учун улар катталарга мурожаат қилишади. Агар кимдир боладан буларни сўраса, у дарҳол қочиб кетсин ёки қичқириб ёрдамга чақирсин. Баъзида бадният кишилар мактаб ёки боғчада боланинг олдига келиб отаси ё онаси касал бўлиб қолгани (уларни машина уриб юборгани ва ҳ.к.) ҳақидаги уйдирмани айтади, нохуш хабардан саросимага тушиб қолган болани ота-онасининг олдига олиб бориш ваъдаси билан олиб кетади. Шунинг учун болага уқдиринг: нима содир бўлмасин, сиз бегона одамни болани олиб келиш учун юбормайсиз. Айрим оилаларда болаларга махсус пароль-сўзларни ўргатишади, токи шу сўзни айтмагунча бола у одам билан мулоқотга киришмайди. Ёмон ниятли кишилар одатда болалар кўп бўладиган жойларда: ўйин майдончаси, мактаб, боғчаларнинг олдида юришади. Сўнгги пайтларда улар эркак+аёл+ёш бола (худди бир оила) кўринишида ёки аёл+ёш бола, эркак+ёш бола тарзида юриб бола овлайдиган одат чиқарганлар. Ёш болали одамдан ҳеч ким ёмонлик кутмаслигини билишади-да. Хуллас, шунақа жойларда бола билан яқинлашмоқчи бўлган нотаниш кимсалардан узоқлашиш кераклигини ўргатинг. Бегоналардан совғалар, ширинликлар олмаслик, улар билан дўконга ёки овқатланиш жойларига кирмаслик керак. Ўйин учун кимсасиз жойларни – ташландиқ уйлар, торкўчалар ва паркларни танламаслик керак Бир ўзи эмас, ўртоқлари билан ўйнасин. Тўп бўлиб юрган болалар орасидан биттасини ўғирлаш мушкулроқ. Уйда ёлғиз қолганда, ҳеч қачон бегоналарга эшикни очмасин. Уй телефонига ким қўнғироқ қилаётганини аниқлаш тизимини ўрнатинг, токи нотаниш қўнғироқларни бола кўтармасин. Таниш рақам бўлса кўтарсин-у, аммо ота-онаси бандлигини, бўшаши билан ўзлари қўнғироқ қилишини айтсин. Ҳеч қачон ҳеч кимга уйда ёлғизлигини айтмасин. Ота-она боласининг қачон қаерда экани ва қачон уйда бўлиши кераклигини билиши шарт. Қизалоқларга тилла тақинчоқлар тақиб кўчага ёлғиз чиқарманг, умуман, кичик ёшдаги болаларни кўчада ёлғиз қўйманг.
КАТТАЛАР, кўчада бегона боланинг йиғлаётганига беэътибор бўлманг. «Нима ишим бор?» қабилида ўтиб кетманг. Қулоқ тутинг, диққат қилинг, кичкинтой ўз ота-онасига хархаша қилаяптими ёки?.. Болани таъқиб қилаётган бўлишса...
Агар бола ўзини таъқиб этаётганларини сезса, дарҳол одамлар тўпланиб турган жойлар (дўкон, супермаркет, кафе)га бориб ёрдам сўрасин. Агар ёш болани куч билан олиб кетишмоқчи бўлса, бор кучи билан бақирсин, ёрдамга чақирсин, ўзини ҳимоя қилсин ва шовқин кўтарсин. Бола ўғрилари шовқинни ёқтиришмайди. Мактабда, тўгаракда, спорт секциясида, қаерда бўлмасин, бола ўзини таъқиб қилганларини сезса, бу ҳақда дарров ота-онасига айтиб берсин. Бола ота-онасидан сир яширмасин. Чунки ёмонликни мақсад қилганлар кўпинча боланинг онгини заҳарлаб, орадаги гапни ҳеч кимга айтмаслигини уқдиришади. Фарзандингизга номи ёзилган майка, портфел ва бошқа либосларни олиб берманг, чунки бола отини айтиб чақирган одамга ишонади. Вақти-вақти билан юқоридаги қоидаларни болаларга қайта-қайта эслатиб туринг.
Жиноятчиларнинг фантазияси бой, уларнинг қандай ҳурмача қилиқлар билан болаларни алдашини олдиндан билиб бўлмайди. Лекин уч асосий қоида бор: 1) кичик ёшдаги болани кўчада ёлғиз қўймаслик; 3) бегоналар билан гаплашмаслик; 3) ёш қизчаларга қимматбаҳо тақинчоқлар тақмаслик.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|