Республика ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларига катта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараён Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилади, деб ёзади ЎзА.
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Манзилли дастурлар асосида 100 дан ортиқ болалар соғломлаштириш оромгоҳлари таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилди. 17 оромгоҳ янгидан қурилди.
Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда 313 минг оромгоҳ, шу жумладан, 206 стационар турдаги, 978 кундузги, 129 меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Уларда жами 301 минг 600 га яқин бола соғломлаштирилади. Уларнинг 153 мингдан ортиғи стационар, 148 мингдан зиёди кундузги оромгоҳларга жалб этилади. Бунинг учун жами 65 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Оролбўйи минтақасидан 4 минг нафар боланинг Тошкент шаҳри, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги оромгоҳларда бепул дам олиши таъминланади. Оролбўйи ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 500 нафар фарзанди эса "Шўртангазкимё” мажмуаси томонидан бепул ёзги оромгоҳларга жалб қилинади. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 40 минг нафар фарзанди жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилади. Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 2 мингга яқин тарбияланувчиси ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. 2,5 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Касаба уюшмалари ҳамда "Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида 700 нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилади.
Бундан ташқари, Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 500 нафар фарзанди Навоий кон-металлургия комбинати, Жиззах вилоятидаги кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди «Жиззах аккумулятор заводи»нинг ҳомийлик маблағи ҳисобидан бепул соғломлаштирилади.
Жорий йилги соғломлаштириш мавсуми янгиликларидан бири мамлакатимиз бўйича 207 ихтисослаштирилган оромгоҳ ташкил этилаётганидир. Иқтидорли ўғил-қизлар учун 15 интеллектуал ривожлантириш, 14 ҳарбий-спорт, 14 экологик-биологик, ўлкашунослик, 14 техник ижодкорлик, 14 бадиий ижодкорлик, 7 ижтимоий-мослашув ва 129 меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан анъанавий равишда Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» оромгоҳида республика интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилади ҳамда турли фанлар бўйича ўтказилган «Билимлар беллашуви» ғолиблари бўлган ўғил-қизларнинг бепул соғломлаштирилиши таъминланади. Бундай оромгоҳлар фаолияти ҳар бир ҳудудда йўлга қўйилади.
Ички ишлар вазирлиги томонидан оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1500 га яқин ички ишлар ходимлари бириктирилиб, автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланди. Ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, коммунал соҳа ходимларининг ҳам узлуксиз навбатчилиги ташкил этилади.
Оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида 29 мингдан ортиқ юқори малакали педагог кадрлар, тарбиячи ва тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассислари жалб этилмоқда.
Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, таомномаларда дармондориларга бой таомлар, дамлама ва салатлар турларини кўпайтириш кўзда тутилган.
Маданият вазирлиги томонидан оромгоҳларда ёш ижрочилар, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, болалар маънавиятини юксалтиришга, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни орттиришга йўналтирилган тадбирлар туркуми, спорт мусобақалари ва турнирлар ўтказилади.
Барча оромгоҳларда болалар учун "Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан махсус ишлаб чиқилган 34 номдаги ҳужжатли, бадиий ва анимацион фильмлар намойиш этиб борилади. Ва, албатта, ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқалар ёзилган дисклар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини болаларга тушунтириб берувчи баннер ва кўргазмали воситалар билан таъминланди.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot darkachi.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|