Газетамизнинг ўтган сонида Ботир Қодировнинг яккахон концерт дастурига журналистларнинг киритилмаганлиги билан боғлиқ суриштирув мақола чоп этгандик. Ушбу мақола ёритилишидан бир оз аввал хонанданинг продюсери Аброр Пўлатов таҳририятимизга келиб, Ботир Қодировнинг ўзи ҳам ушбу вазиятга ойдинлик киритмоқчилигини, лекин ҳозир вақти йўқлигини, бир-икки кундан кейин интервью беришини айтди. Табиийки, биз рози бўлдик. Мақола чоп этилгандан сўнг Ботир Қодиров ва унинг продюсери таҳририятимизга кириб келишди. Меҳмон кутиш одобига кўра гапни узоқдан бошладик...
Эшитишимизча, 21-22-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтган яккахон концерт дастурингизга қаттиқ тайёргарлик кўрган экансиз. Натижалар сиз кутгандек бўлдими? Таассуротларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Очиғини айтсам, биз концертга жуда катта тайёргарлик кўргандик. Аммо ғояларимизнинг атиги икки фоизини бажара олдик, деб ўйлайман. 98 фоиз ғоя ва режаларимиз амалга ошмай қолиб кетди. Янгилик сифатида халқаро продюсер, индонезиялик Франк Раден билан ишлаганимизни таъкидлаш мумкин. Айниқса Францияда тайёрланган, "Жим туринг” қўшиғи фалсафаси асосида яратилган махсус ролигимиз мухлисларга манзур бўлди.
— Жонли ижрода куйлаш учун овоз имкониятларингиз етарли бўла туриб, концертда қўшиқларни фонограмма орқали ижро этибсиз. Концертга кирганлар айтишди.
— Тўғри, овоз имкониятларим етарли. Аммо "Истиқлол” санъат саройининг техникаси менинг талабимга жавоб бермайди. Ҳамма санъаткорнинг бу борада ўз талаби ва диди бор. Аммо шуни айтишим мумкинки, хорижда бўлиб ўтадиган барча концертларда жонли ижрода куйлайман.
— Концерт бошланишидан аввал юз берган машмашалар, яъни концертга журналистларнинг киритилмаганини қандай изоҳлайсиз?
— Мен концертга журналистларнинг киритилмаётганини саҳнага чиқишимдан бироз аввал эшитдим ва очиғи ҳайрон бўлдим. Шунингдек, бунга ойдинлик киритиш учун қўриқлаш хизмати ходимларининг олдига шахсан ўзим бориб, журналистлар нега киритилмаётганини сўрадим. Қўриқлаш хизмати ходимлари санъат саройи директори журналистларни концертга киритмаслик ҳақида буйруқ берганини айтди. Шундан кейин концертни бошлаш вақти етгани боис шошиб саҳнага чиқиб кетдим. Билганим шу...
— Продюсерингиз ўша куни журналистларни киритмаслик ғоясини таклифнома тегмай қолган қўриқлаш хизмати ўйлаб топганини айтганди. Аммо биз қўриқлаш хизмати бошлиғи билан шахсан учрашиб, продюсерингиз ёлғон кўрсатма берганини аниқладик.
— Концерт ҳам элга тўй беришдек гап. Хато-камчиликлар бўлади, продюсерим шошганидан ўйламай гапириб юборган. Унинг учун ҳам журналистлардан мен узр сўрайман.
— Қолаверса, сиз саҳнага чиқаётиб чекканингиз ва шу сабаб маъмурий жавобгарликка тортилганингизни ҳам эшитдик.
— Тўғрисини айтсам, ростдан ҳам чекаман. Ўша куни кийиниш хонасида чекканим ҳам рост. Энди бошлагандим ҳамки, ўт ўчириш ва қўриқлаш хизмати ходимлари етиб келишди ва менга жарима солишди. Аслида кийиниш хонасида чекиш мумкин эмас деб ёзиб қўйилмаган эди.
— Гримхона ойналарини нега синдирдингиз?
Мен нашрга рухсат бермаган китоб чиққани ва сотилганидан хабар топганимдан сўнг продюсерларимга жаҳл қилдим, буни тан оламан. Лекин ойнани мен синдирмадим...
Буёғи қизиқ бўлди-ку! Продюсерингиз ҳам, санъат саройи раҳбарияти ҳам бу сизнинг ишингиз эканини таъқидлашди.
Бу продюсерларимнинг иши. Ўша китоб масаласида мен уларга қаттиқ гапирдим ва продюсерим жаҳл устида эшикни тепиб очганди, ойнаси чил-чил бўлди.
Демак продюсерингиз билан жанжаллашганингизда эшик синган, шундайми?
Шундай. Бу ишимиз учун ҳам санъат саройи бизни жаримага тортди.
— Бўлиб ўтган воқеалардан қандай хулоса чиқардингиз?
— Юзага келган англашилмовчиликлардан, журналистларнинг концертга киритилмаганлигидан очиғи, ўзим ҳам хижолатдаман. Иш бор жойда камчилик бўларкан. Шу боис фурсатдан фойдаланиб барча матбуот ходимларидан узр сўрайман! Бу ҳол қайта такрорланмаслигига кейинги концерт дастурларимда ташкилий ишларга ҳам жиддийроқ эътибор беришга сўз бераман.
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди