Буйрак туз деатези дея аталувчи бу касаллик қулоққа чалинганда, унчалик хавфли эмасдек туюлади. Бироқ тузлар борлигини эслатиб қўйиш учун ҳаракатга тушса, оғриқдан кўзингизга дунё тор кўриниб кетиши аниқ. Бир дақиқага бўлса-да, дарддан халос бўлиш учун мўъжиза кута бошлайсиз. Аслида «мўъжиза» ўз қўлингизда. Мутахассис билан мавзу юзасидан суҳбатлашганимда касалликнинг олдини олиш чоралари ҳам, давоси ҳам, аслида унинг ўзидек мушкул эмаслигини билдим.
Мутахассис— олий тоифали уролог-шифокор Ойбек АМАНОВ.
Турлари
Урат тузлари;
оксалат тузлари;
фосфат тузлари.
Сабаблари
Пурин моддасига бой гўшт маҳсулотлари (мол ва қўй мияси, буйраги, жигари, тил қисмлари)ни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш урат тузлари йиғилишига сабаб бўлади.
Жигар фаолиятининг бузилиши. Семизлик, камҳаракатлилик ва ёғли гўшт ейиш оқибатида жигар қонни фильтрлаш вазифасини тўлиқ адо этмайди. Натижада тузлар буйракка «жойлашиб олади».
Сут маҳсулотлари (шўр ва аччиқ пишлоқ кабилар), қўзиқорин, маринадланган сабзавотларва кўкатларни (отқулоқ, шивит, шовул, исмалоқ) ҳаддан зиёд кўп ейиш ҳам фосфат тузлари пайдо бўлишига олиб келади.
Иқлим. Экологик шароит таъсирида мойиллик ортади.
Насл. Агар ота ёки она ушбу хасталик билан оғриган бўлса, фарзандида ҳам такрорланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Нима бўлади?
Касаллик бошлангач, маълум вақт ўтиб, тузлар пешоб орқали организмдан чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Аммо буйрак ҳужайралари — нефронлар тузларни организмдан «ҳайдаб чиқариш хусусияти»га эга эмас. Шунинг учун тузлар бир-бирига ёпишиб, сийдик йўлига тиқилиб қолади. Сийдик йўлида тўсиқ пайдо бўлгач, буйракда шишиш, кенгайиш кузатилади. Ва кучли буйрак санчиғи юзага келади.
Циститга алданманг!
Тузлар сийдик қопига тушгач, цистит белгиларини чақиради. Тез-тез ҳожатга чиқиш, ачишиш кабилар кузатилганда кўпчилик билиб-билмай уй шароитида циститга қарши даво чораларини кўради. Аммо бу буйракда туз йиғилаётганига ишора бўлиши мумкинлигини унутманг.
Кўнглингиз айнияптими?
Оғриқ кучайганда буйрак организмдаги қуёш тугунига таъсир ўтказиб, кўнгил айниши, юз рангининг оқараши, қайт қилиш, юракнинг тез уриши, беҳузур бўлиш кабилар кузатилади. Бемор қайт килгач, оғриқ бироз енгиллашиши мумкин. Бироқ бу дард ўтиб кетди дегани эмас. Иситма кўтарилса, кечаси безгак тутиб, қалтироқ бўлса, буйрак шамоллашидан дарак. Бу ҳолатда буйракда симиллаган оғриқ бўлади.
Оғриқ жондан ўтганда...
Агар буйрак санчиғи безовта этса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сийдик йўлини бўшаштирувчи муолажалар қилинса, оғриқ камаяди. Буйракни уқалаш ҳеч қандай наф бермайди. Грелка қўйиш, бемор белигача иссиқ ванна қабул қилиши мумкин. Иссиқ ванна сийдик йўлларини очиб, дарднинг вақтинчалик чекинишини таъминлайди. Фақат бу муолажаларни шифокор кўрсатмаси билан амалга ошириши шарт. Чунки кўпчилик ўнг биқиндаги оғриқни кўричак хуружи билан адаштирадилар ва нотўғри даво чораларни кўришади.
Қандай аниқланади?
Малакали мутахассис беморнинг ҳолатига қараб, буйракда туз йиғилганини аниқлай олади. Туз тури ва миқдорини билиш учун эса пешоб таҳлили ўтказилади. Сўнгра ультратовуш текшируви буюрилади. Таҳлиллар натижаси, яъни туз тури, пешоб ҳамда буйракнинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб, даво муолажалари бошланади.
Даво чоралари
Уролог-шифокор назорати ва кўрсатмаси билан дорилар қабул қилиниб, белгиланган парҳезга қатъий амал этиш лозим. Шифо топишнинг асосий шарти — парҳез! Муолажа давомийлиги 1 ойдан бир неча йилларгача давом этади.
Маккажўхори пўпаги, пол-пола гиёҳи дамламалари ва ҳар куни 2 литрдан ортиқ сув ичиш керак. Кунлар исигач, организмдан суюқлик тер орқали чиқиб кетади. Натижада пешоб қуюқлашади. Шунинг учун кўпроқ сув ичишга аҳамиятли бўлиш шарт.
Ҳар ойда...
Имкон борича 2 ёки 1 марта шифокор кўриги зарур. Пешоб таҳлили орқали дори воситалари ва парҳезнинг қандай таъсир қилаётгани аниқланади. Пешоб қуюқ ёки суюқмасми, мўтаъдил ҳолатдами, шу кабилар ўрганилади. Даво чоралари таҳлил хулосасига кўра давом эттиралади.
Тузлардан 100 % халос бўлиш...
...мумкин, беморда туз йиғилишига мойиллик кучли бўлмаса, парҳезга амал этилса, дори воситалари вақтида қабул қилинса.
Антибиотик ичиш шартми?
Антиботиклар шифокор кўрсатмасига асосан қабул қилинади. Қачонки, пешоб таркибида яллиғланган ҳужайралар (лейкоцитлар) кўп бўлса, микробларнинг ўсиши аниқланса, организм сезувчанлигидан келиб чиқиб буюрилади. Зарур бўлса, пешобни бактериологик экиш амалиёти ўтказилади. Унутманг, антибиотикларни кўр-кўрона қабул қилиш даволаш жараёнини қийинлаштиради.
Болаларда-чи?
Агар кичкинтойнинг буйрагида туз йиғилишига мойиллик бўлса ёки гўдак сийдик йўлларида туғма нуқсон билан туғилса, буйрак хасталиклари (туз деатези, тош, қовуқда тош бўлиши) кузатилади. Даволаш чоралари худди катталарникидек амалга оширилади. Сийдик йўлидаги туғма нуқсон эса пластик жарроҳлик амалиёти орқали бартараф этилади.
Ҳомиладорликка таъсири
Аёл ҳомиладор бўлишига буйраклардаги тузлар таъсир қилмайди, аммо улар бир қанча нохушликларга сабаб бўлади. Айрим ҳолларда, ҳатто ҳомила нобуд бўлишигача олиб келади. Шу сабаб ҳомиладорилкни режалаштиришдан аввал дарднинг олдини олиш мақсадга мувофиқ. Ҳомиладорлик даврида эса махсус урологик бўлим мутахассиси тавсиялари асосида даволанилади.
Агар вақтида чора кўрилмаса...
Касалликнинг кечиш жараёни худди математик амалдек. Даво чоралари кўрилмаса, парҳезга риоя этилмаса, қуйидаги формула ўз-ўзидан ишга тушади:
Тузлар пайдо бўлади+тузлар ичига инфекция тушиши орқали буйракларда яллиғланиш-пиелонефрит юзага келади+буйрак-тош касаллиги келиб чиқади+буйрак тўлиқ тошлар билан қоплангач, умуман ишламай қолади=бу аъзодан жарроҳлик амалиёти орқали воз кечишга тўғри келади.
Manba: Zamonaviy.CoM -Saytdan olindi.
Ushbu ma'lumot http://sugdiyona.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
|