Катта фарзандим кислород етишмовчилиги билан
туғилгани боис бир ёшигача шифокор назоратида бўлган. Аҳволи ўнгланиб
бораётганини кўриб, «Болам яхши, муолажани тўхтатсак ҳам бўлар», дея
мустақил қарор чиқарганман. Бироқ бугун мактаб ёшига етган ўғлим жиззаки
бўлиб қолган, бундан ташқари серҳаракат ва диққатини жамлаши қийинроқ.
Балки бу каби муаммолар сизда ҳам бордир. Хўш, аслида ҳам «кислород
етишмовчилиги» ташхиси билан туғилган болаларни кейинчалик қандай
парваришлаш керак?
Мутахассисларимиз:
Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти «Асаб касалликлари, болалар асаб
касалликлари ҳамда тиббий генетика кафедра»си мудири, профессор Ёқутхон
МАДЖИДОВА.
Тиббиёт фанлари номзоди Латофат ЗИЯХОДЖАЕВА.
САБАБ
—
Кўпчилик оналардан «Болам киндик ўқига ўралиб туғилди» ёки «Чақалоғим
туғруқ йўлларида қисилиб кислород етишмовчилиги билан дунёга келган»,
деган гапларни эшитамиз. Сўнгги пайтларда бу каби ҳолатлар учта боладан
биттасида кузатилмоқда экан. Бунинг сабаби нима?
Ё.Маджидова:
— Чақалоққа кислород етишмаслиги ташхиси асфиксия ёки гипоксия
ҳолатларида қўйилади. Ҳомила турли таъсирлар натижасида бир-икки ёхуд уч
марта киндик ўқига ўралиб қолади. Бу гипоксия саналади. Плацентани
бачадон билан боғлаб турувчи йўлдош узунлигининг калта бўлиши ҳам
гипоксияни келтириб чиқарадиган сабаблардан бири. Аёлда узоқ вақт
камқонлик кузатилиши, сурункали юрак-қон томир, эндокрин тизим
касалликлари, ҳомиладорлик вақти ўтказилган инфекцион-аллергик
хасталиклар, буйрак, жигар фаолиятидаги баъзи патологиялар ҳам ҳомила
марказий нерв тизимида ўзгаришларга олиб келади. Бунда бола организмига
кислород етиб бориши бузилади. Асфикиия эса асосан туғруқ вақтида юзага
келувчи турли омиллар масалан, ҳомила қағаноқ сувини ютиб юбориши,
туғруқ йўлларида туриб қолиши, туғруқнинг сустлиги кабилар билан тасниф
этилади. Бунда ҳам ҳомила кислороддан тўсилиб қолиб, организм керакли
озуқани йўқотади.
БЕЛГИЛАРИ
— Асфиксия ёки гипоксия билан туғилган болада бирор-бир ривожланиш ўзгаришлари борлигини қандай белгилар орқали номоён бўлади?
Ё.Маджидова:
— Бола 2 ойда ҳам бошини тутолмаслиги, кеч юриши, кеч гапириши мумкин.
Марказий нерв тизимида бўладиган ўзгаришлар ҳисобига мушаклар тонуси
ошиши ёки аксинча пасайиб кетиб, чақалоқнинг оёқ-қўллари суст ҳаракатда
бўлиши тахмин қилинади. Баъзан қўл-оёқ ҳаракатлари бир-бирига мутаносиб
бўлмайди ёки қўзғалишлар, талваса хуружлари ҳам юз бериши мумкин. Ҳатто
уйқу ҳолатидаги ўзгаришларга ҳам «ўтиб кетади» деган ўй билан
ёндашмаслик керак.
—
Кўпчилик оналар наздида катта лиқилдоқнинг шакли ва кўриниши ҳам
асфиксия ёки гипоксия асоратидаги белги деган тахмин бор. Бу қанчалик
тўғри?
Л.Зияходжаева:
— Баъзида «Боламнинг лиқилдоғи кичик» ёки «Эрта қотиб қолаяпти,
асфиксия билан туғилганиданми?» деган мурожаатлар бўлади. Бу ҳолат
кўпроқ аёл организмида ҳомиладорлик ва ундан олдин минерал алмашинув
жараёнларининг бузилиш, билиб-билмай кальций, турли витаминлар қабул
қилиш асоратида келиб чиқади. Аммо асфиксия ва гипоксияга алоқаси йўқ.
ТАШХИС
—
Ҳозирда ҳомиладаги аксарият ўзгаришларни аниқлаш имконияти бор. Тўғри,
асфиксия юзага келишини олдиндан тахмин қилолмаймиз. Балки ҳомилада
гипоксия, яъни кислород етишмаслиги ҳолатини аниқлаш мумкиндир?
Ё.Маджидова:
— Бунинг учун ҳомиладорликни пренатал (уруғланган пайтдан бошлаб,
ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасигача) ва перенатал (28-ҳафтадан бошлаб,
туғруқ акти жараёни ва ундан сўнг бир ҳафталик чақалоқлик) даврларга
бўлинади. Боладаги асаб тизими билан боғлиқ белгилар ана шу даврлардаги
ўзгаришларга қараб баҳоланади. Аёлдаги ўзгаришлар ойма-ой кузатилганида
ҳомила ички гипоксиясига тахмин қилинса, ультратовуш текшируви ҳамда
шифокор кўриги ўтказилиб, ҳомилага кислород таъминланишини яхшиловчи
муоалажалар қўлланилади.
— Юқоридаги патологиялар билан туғилган болакай учун илк шифокор кўриги қачонга белгиланади?
Л.Зияходжаева:
— Янги туғилган чақалоқда у ёки бу патология аниқланса, аввало,
туғруқхонанинг ўзидаёқ зарур муолажалар ўтказилади. Туғруқхонада
алмашинув варақасига боланинг дунёга келган санаси, қай ҳолатда
туғилгани, вазни, бўйи ҳақида маълумотлар киритилади. Шифокорлар Апгар
шкаласи бўйича чақалоқнинг нафас олиши, тери ранги, ташқи муҳитга
таъсирчанлигига кўра 10 баллик тизимда баҳолашади. 5-6; 6-7 баллик
кўрсаткич болада функционал ўзгаришлар мавжудлигидан далолатдир. Шунга
кўра, алмашинув варақасига «Невропатолог» ёки «Ортопед» шифокор
кўрсатмаси деган тавсия берилади. Ана шундан келиб чиқиб, ота-оналар
керакли мутахассисга мурожаат қилишади. Чилла давридаги педиатор кўриги
эса асосийларидан бири. Агар бу даврда болангизда бирор-бир ўзгаришлар,
хусусан, эмаётганида ютинишга қийналиши, қалқиб кетиши, уйқуси хотиржам
эмаслиги, қўзғалиш кабиларни сезсангиз, бу ҳақда шифокор билиши шарт.
Зотан асфиксия ва гипоксия боланинг ривожланиш ҳолатига кўра кейинчалик
ҳам номоён бўлади.
— Невропатолог назорати неча ёшгача давом этади?
Ё.Маджидова:
— Бу ҳар бир бола учун индивидуал бўлади. Чунки асфиксия ва
гипоксиянинг енгил, ўрта оғир ва оғир даражалари бўлиб, ҳар учаласининг
ҳам ўзига хос белгилари ва асоратлари мавжуд. Ўрта оғир ёки оғир
даражалар билан туғилган гўдаклар зудлик билан чақалоқлар патологияси
бўлимига ўтказилади. У ерда эса боланинг ҳаётий функциялари учун зарур
бўлган муолажалар бажарилади. Аммо гипоксия ва асфиксиянинг ҳар қандай
даражасида ҳам боланинг катта лиқилдоғи нейросонография ва УТТ
текширувидан ўтказилиб, муолажа учун ташхис қўйилади. Баъзи болалар учун
муоалажа 6 ой давом этса, баъзида бир йил ёки ундан кўпроқ вақт талаб
қилиниши мумкин. Даволовчи шифокор боланинг ривожланиши, муолажа
таъсиридан келиб чиқиб, кейинги кўрик вақтини белгилайди. Агар болангиз 2
ойда бошини тутиб, 6 ойда ўтиришга мослашиб борса, 9 ойдан ўрнидан
туришга ҳаракат қилса, неврапатолог кўриги 6 ойда бир марта бўлиши ҳам
мумкин.
АСОРАТ
— Асфиксия ёки гипоксия билан туғилган болаларда кейинчалик асаб тизимида ўзгаришлар кузатилади, деган тахмин нақадар тўғри?
Л.Зияходжаева:
— Саволингизни маълум фоизларда изоҳлаш мушкул. Зеро чақалоқ ўз вақтида
ва тўғри даволатилса, асоратларнинг юзага чиқиш эҳтимоли камаяди.
Шундай бўлса-да, асфиксия ва гипоксия туфайли кейинчалик нутқий, ақлий,
ҳаракат доираси, эшитиш, кўриш қобилиятида ўзгаришлар бўлиши ҳам баъзан
кузатилади. Аммо бу кабилар юзага чиқмаслиги ҳам мумкин. Муҳими,
фарзандингиз юқорида айтиб ўтилган ташхислар билан туғилдими, албатта,
тўғри муолажа олинг.
ЧОРАСИ
—
Гоҳида ҳамма болалар учун бир хил турдаги дори воситалари буюрилади
деган гаплар қулоққа чалинади. Юқорида эса муолажа индивидуал бўлади
дедингиз.
Ё.Маджидова:
— Невропатологлар томонидан кенг миқёсда қўлланиладиган дори воситалари
ижобий таъсирга эга. Аммо асфиксия белгисини гипоксия билан туғилган
боланикидек даволаб бўлмайди. Иккисининг ҳам асаб тизимига таъсири
бўлса-да, даволаш усуллари турлича.
— Бундай ташхис билан туғилган болаларни эмлаш мумкин эмасми?
Л.Зияходжаева:
— «Эмлаш мумкин эмас!» деган кўрсатма йўқ. Ягона шарти бир ёшгача
бўлган эмлаш жадвалида, албатта, педиатр, неврапатолог ва иммунолог
шифокорлар текширувидан ўтиб, уларнинг тавсиясига амал қилиш керак.
Шунингдек, тез-тез шамоллаш, тана ҳароратининг кўтарилишидан эҳтиёт
бўлиш керак. Чунки айрим ҳолларда тана ҳароратининг кўтарилиши
натижасида талваса хуружлари содир бўлади. Ёки бола йиғининг чўққисига
етганида бирдан қотиб қолиб, кўкариб кетади. Шу боис ҳар қандай
муолажада, албатта, шифокор кўриги зарур.
—
Юқорида ақлий ривожланиши суст бўлиши мумкин дедингиз, шундан келиб
чиқиб, мактабга чиқиш олдидан невропатолог, психоневролог кўриклари
талаб этиладими?
—
Асфиксия ёки гипоксия билан туғилган болаларда диққатнинг камлиги,
серҳаракатлик, жиззакилик кабилар кузатилиши мумкин. Шу боис
фарзандингиз мактабга чиқишидан олдин шифокор кўригидан ўтиш лозим.
Зарур ҳолларда керакли муолажалар ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.
Мухтасар
айтганда, асфиксия ва гипоксия сиз ўйлагандек, ваҳимали касаллик эмас.
Шунчаки, кимга мурожаат этиш ва тўғри даволаниш шартларига риоя
қилсангиз бўлгани.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.