"Мобиль телефонлар касаллик қўзғатувчи микроблар манбаига айланмоқда. Чунки улар саломатлиги турлича ҳолатда бўлган инсонларнинг юзи, лаби, қулоғига тегади”, деган хулосага келишганди телефонлар сиртидаги микробларни ўрганган тадқиқотчилар.
Айрим микроблар грипп сингари касалликларни чақирса, айримлари ўта хавфли юқумли касалликларга олиб келиши мумкин. Смартфонда гаплашиб бўлганингиздан сўнг таомга қўл узатишингиздан аввал бармоқларингизга қандай микроблар илашиши мумкинлиги билан танишинг.
Ичак таёқчаси
Аризона университети микробиололари 2012 йилда смартфонлар юзасида ичак таёқчаси бактерияси бўлиши мумкинлигини тадқиқотлар жараёнида аниқлашди.
Стрептококк
"CNN” бошловчиси Андерсон Купер ўзининг севимли "BlackBerry” телефони сиртида стрептококк бактерияси топилганидан даҳшатга тушди.
Одатда стрептококк А ва В гуруҳига мансуб икки кўринишда учрайди. Биринчи гуруҳдаги бактериялар ангина, токсик шок синдроми, панникулит (тери кўчишини келтириб чиқарувчи инфекция) касалликларини чақиради.
B гуруҳи бактериялари эса зотилжам, сийдик йўли, қон ёки тери касалликларига сабаб бўлиши мумкин.
Тилларанг стафилококк
Стафилококкнинг айрим турлари жиддий тери касалликларига сабаб бўлишдан ташқари, бошқа одамга ҳам юқиши мумкин.
2009 йилда турк микробиологлари телефонларнинг 52 фоизида ушбу бактерия мавжуд бўлиши мумкинлигини аниқлашган.
Коагулазонегатив стафилококк
Номини айтиш қийин бўлган стафилококкнинг бу тури тери ва сийдик йўлини зарарлайди. У ҳаттоки қонни ҳам зарарлаши мумкин.
Моғор
Моғор нафақат эски нонда, балки 10 фоиз мобиль телефонларда учрайди. У нафас олиш тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Ачитқи
Ачитқи хамир тайёрлашда ишлатилади. Бироқ телефонларнинг 1,5 фоизида ҳам учрар экан.
Ачитқи бу танангизнинг ҳар қандай жойида учраши мумкин бўлган замбуруғдир. Яхши томони, у телефон орқали юқмайди.
Клостридиум диффициле
Номи мураккаб бўлган яна бир бактерия-диареянинг сабабчисидир. Кекса кишилар ва узоқ вақт антибиотик қабул қилган инсонлар ушбу бактерия таъсирига тез тушадилар.
Клостридиум диффициле, шунингдек, ҳароратни кўтариши, қоринда оғриқ пайдо қилиши ва иштаҳани пасайтириш мумкин.
Коринебактерия
Коринебактерия дифтерия чақирувчи патоген микробдир. Бу касаллик шамоллашдан бошланади, кейин истима ва титроқ пайдо бўлади, нафас олиш қийинлашади.