«Бу ишни сал кейинроққа қолдирсам ҳам бўлади...», «Эртага ҳам кун борку...» Бу иборалар сизга ҳам таниш, албатта Аммо Наврўз арафасида ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига таъсир кўрсатувчи бу иллатимиздан фқориғ бўлишга қарор қилдик. Бунинг учун қаҳрамонларимиз шахсий тажрибаларидан келиб чиқиб, берган маслаҳатларидан фойдалансак, кифоя.
«ЁШЛИКДАН ТАРБИЯЛАМАСА, КЕЙИН КЕЧ»
Клара ЖАЛИЛОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Дангасалик, менимча, туғма бўлса керак. Сабаби катта ўғлим ақлли, тиришқоқ айтган сўзининг устидан чиқади, ўз вақтида ишларини уддалайди. Кичига эса акасининг акси. Эринчоқ ва дангасалар ёшлигидан тарбияланмаса, улғайганда ҳам шундай қолаверар экан. Инсон доим ҳаракатда бўлиш керак. Бугунги иши эртага қолдирувчи, масъулиятсиз бўлган одам жамиятда ўз ўрнини топиши жуда қийин. Дангасаликка бўйин эгсангиз, оч қолишингиз ҳеч гап эмас. Одам "Мен шу ишни қиламан, уддалайман ва мақсадга эришаман” дея ишонч билан илдам қадам ташлаши лозим.
«РЕЖАЛИ БЎЛИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛАМАН»
Акмал МИРЗО, радиобошловчи:
– Тан олишим керак, сўнгги вақтларда дангаса бўлиб борётганим ўзимга ҳам сезилаяпти. Бироқ бу одатдан қутулишнинг энг осон усулини ҳам биламан. Дангасаликдан узоқлашиш учун режали бўлиш керак. Бу қоидага амал қилиб, йил бошиданоқ бир йиллик иш режамни ёзиб қўйишга ҳаракат қиламан. Тўғри, мавсумий, ой, ҳафта ва кунлик режаларим вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Аммо умумий бажарилиши лозим бўлган ишларим январь ойида олдиндан белгиланган бўлади. ҳатто, юмушларимни режалаштирганимда куни ва соатигача аниқлик билан киритиб қўяман. Бу айнан танбаллигим тутганида ишлашимга туртки беради-да. Менимча, дангасаликка дучор бўлмасликнинг энг яхши усули ҳам мана шу.
«АҚЛНИ ИШЛАТИНГ!»
Адҳам СОЛИЕВ, хонанда:
– Инсон ўзини танбал қилиб қўймаслиги учун мияси доимий равишда ишлаб туриши керак, назаримда. Ўзимдан қиёс, қўлим ишга бормаса-да, миямни бўш қўймайман. Яъни шунчаки дам олаётганимда ҳам миямда бажаришим керак бўлган ишларни хомчўт қиламан. Янги қўшиқ ёзмоқчи бўлсам, уни хаёлан пишитаман. Қарабсизки, танам ақлимга бўйсуниб, ялқовликни қувади.
«ТАСАВВУРИНГИЗНИ ИШГА СОЛИНГ!»
Фарруҳ Комилов, хонанда:
– ҳаётда аниқ мақсадга эга бўлсангиз, дангаса бўлиб қолмайсиз. Тўғри, баъзида режалар ўзгаради, сиз кутгандек натижага эришмаслигингиз мумкин. Аммо шунда ҳам мақсад сари олға боравериш керак. Мен шу қоидага амал қиламан. Баъзан имкониятларимни ҳисобга олмай, меъёрдан ортиқ ишлаб юбораман. Кейин эса чарчоқ устунлик қилиб, қўлим ишга бормайди. Бу эса ўз навбатида дангасаликка сабаб бўлади. Ўзимда шу каби ўзгаришларни сезсам, бажаришим керак бўлган ишларнинг натижасини хаёлан тасаввур қилишга ҳаракат қиламан. Шундагина ўзимда куч тополаман.
«ЎЗИНГИЗНИ ҚЎЛГА ОЛИНГ!»
Азиз РАЖАБИЙ, хонанда:
– Яқиндагина ўғлим билан шу мавзуда гаплашгандик. ҳар биримизнинг ичимизда иккита, яхши ва ёмон «одам»лар яшайди. Улардан бири доим ишимизни вақтида бажаришга ундаб турса, иккинчиси эса эртага ҳам кун бор-ку, дейди. Иккинчи тоифадагисини йўқотиш учун бекор қолмаслик керак. Ўзимизни мажбурлаб бўлса ҳам режадаги юмушларимизни бажарсак, ичимиздаги «душман»имиз кичрайиб, бизни тарк этади. Менимча тушунарли бўлди-ёв (кулади). Ўзим ҳам шу тариқа дангасалик одатимни тарбиялаганман.
«БЕШ ҚОИДАНИ ТАВСИЯ ЭТАМАН»
Азиз АХРОРОВ, психолог:
– Дангасаликдан қутилиш учун биринчи навбатда ҳафталик ва кунлик режага асосан иш кўриш керак. ҳамда ой ва ҳафта сўнгида бажарилган ишлардан хулоса чиқариш лозим. Иккинчидан, амалга оширилиши керак ишлар қаторига дам олиш, яъни фильм тамошаси, бирор-бир дўстингиз билан суҳбатлашиш кабиларни ҳам қўшинг. Инсоннинг тинимсиз ишлаши, чарчоқни, у эса ўз навбатида танбалликни бошлаб келади. Учинчидан, инсон ўзини бекорчи суҳбатлардан йироқ тутиши керак. Тўртинчидан, кун бошидан осонроқ вазифаларни бажариб, бироз мушкулроқларини сал кейинга қолдириш мақсадга мувофиқдир. Бешинчидан, ўзингизни назорат қилинг. Кеч бўлганда овқатланманг. Меъёридан ортиқ истеъмол қилинган овқат ҳам инсонни дангаса қилиб қўяди. Энг сўнгги босқич бажаришингиз керак бўлган ишларни қайта кўриб чиқинг. Балки, сиз режага асосланиб ишлаётгандирсиз, аммо ялқовлик кучли келса, демак дам олишингиз керак, бу чарчоқ аломати бўлиши мумкин. Шунинг учун ўзингизни қийнамай, бир кунлик имкониятингизни инобатга олган ҳолда иш кўринг. Унутманг, ўтиб бораётган ҳар бир дақиқангиз ҳаётингизни ўзгартиришингиз учун яхши имкониятдир.
«РАҚС ТУШАМАН!»
УМИДАХОН, хонанда:
– Дангасалигим туфайли панд еганман. Шунинг учун иложи борича доим ишни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қиламан. Аммо баъзида ялқовлигим мени енгиб қўяди. Бундай вақтларда ҳеч ким йўқ хонада, баланд мусиқани қўйиб, маза қилиб рақс тушиш ёрдам беради. ҳатто, баъзида рақс тушиб, уй ишларини ҳам тахт қилиб юбораман.
«СПОРТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНАМАН»
Фарруҳ АҲМЕДОВ, хонанда:
– Дангасаликдан ҳалос бўлишнинг ягона усули спорт билан шуғулланиш. Бирор ишни тугаллашга эринганимда 20 марта қўлни мушт қилиб, гавдани ердан кўтариб-тушириш машқини бажараман. Қарабсизки, яна тетикман! Умуман, барча жисмоний ҳаракатлар танада қон айланишини яхшилаб, фаолликни оширади. ҳатто, бир жойда пиёда юришдан иборат энг содда машқ ҳам кайфият ўзгаришига таъсир этади. Ишонаверинг, бу синалган тавсиялар.
МУЗАЙЯНА